11 988.920 so‘m

decrease

-30.160

13 663.770 so‘m

decrease

-25.960

153.490 so‘m

decrease

-0.380

11 988.920 so‘m

decrease

-30.160

4 соат аввал
Банк
62

Гулнора Каримова иши бўйича Швейцария банки 3,7 млн доллар жаримага тортилди

Швейцария Федерал жиноят суди Lombard Odier банкини пул ювилишининг олдини олиш учун зарур чораларни кўрмаганликда айбдор деб топди. 

Банкка 3 млн франк жарима тайинланиб, 400 млн франкдан ортиқ активни мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарилди. Ҳукм ҳали қонуний кучга кирмаган. 

Гулнора Каримова иши бўйича Швейцария банки 3,7 млн доллар жаримага тортилди

Швейцария Федерал жиноят суди 27 июль куни Гулнора Каримова ва Lombard Odier банки билан боғлиқ иш бўйича биринчи инстанция ҳукмини эълон қилди.

Иш Ўзбекистон телекоммуникация бозорида фаолият юритган хорижий компаниялардан олингани айтилаётган коррупсион маблағларнинг Швейцария банклари орқали ювилгани ҳақидаги айбловларга тааллуқли.

Суд ишни кўриб чиқиш жараёнида “Офис” деб номланган жиноий ташкилот мавжуд бўлган, деган хулосага келган. Унга кўра, хорижий телекоммуникация компаниялари Ўзбекистон бозорида Гулнора Каримованинг таъсиридан фойдаланиш эвазига пора берган.

Мазкур маблағлар шаффоф бўлмаган молиявий операциялар орқали турли мамлакатлардаги банк ҳисобварақларига ўтказилган. Улар орасида Lombard Odier’нинг Женевадаги бўлинмасида очилган ҳисобварақлар ҳам бўлган.

Суд банкнинг исми ошкор қилинмаган собиқ мижозлар менежери “C.”ни оғирлаштирувчи ҳолатларда пул ювишда айбдор деб топди. У коррупция аломатларидан хабардор бўлса-да, маблағларнинг келиб чиқиши ва иқтисодий мақсадини аниқлаш учун фақат юзаки текширувлар ўтказган.

Жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтмаган операциялар доирасида ҳисобварақларга 120 млн доллардан ортиқ маблағ келиб тушган, 20 млн доллардан кўпроқ пул эса улардан чиқарилган. Собиқ банк ходимига 24 ойлик шартли қамоқ жазоси тайинланди.

Суд Lombard Odier ўз ходими томонидан пул ювилишининг олдини олиш учун барча оқилона ва зарур ташкилий чораларни кўрмаган, деб топди. 

Банкда коррупцияга оид хавф белгилари мавжуд бўлса-да, масъул бўлинмалар маблағлар манбаи бўйича қўшимча текширувлар ўтказилиши ва уларнинг натижалари ҳужжатлаштирилишини етарли даражада назорат қилмаган.

Натижада банкка 3 млн франк (3,7 млн доллар) жарима тайинланди. Бундан ташқари, суд пул ювишдан олинган ёки “Офис” назоратида бўлган 400 млн франкдан ортиқ активни мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарди. 

Жиноятлар 2011–2012 йилларда содир этилгани сабабли жазо енгиллаштирилган, 2011 йил 27 июлгача бўлган эпизодлар эса жавобгарликка тортиш муддати тугагани учун ёпилган. 

Айни пайтда Гулнора Каримовага нисбатан Швейцариядаги иш процессуал тўсиқлар сабаб тугатилди. Суд унинг Ўзбекистонда қамоқда сақланаётгани ҳамда жавобгарликка тортиш муддати тугагунига қадар озод қилиниши ёки Швейцарияга экстрадиция этилиши эҳтимоли йўқлигини қайд этган. Шу сабабли унга қўйилган айбловларнинг мазмуни бўйича ҳукм чиқарилмаган.

Lombard Odier ҳукмга рози эмаслигини ва апелляция беришини билдирди. Банк ўша даврда пул ювишга қарши етарли ички назорат тизимига эга бўлганини таъкидламоқда. Шунингдек, мазкур иш 2012 йилда Lombard Odier’нинг ўзи Швейцария органларига шубҳали операциялар ҳақида хабар берганидан кейин бошланганини қайд этди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+