Goldman Sachs жорий йилги 3000 долларлик олтин нархи прогнозини қайтариб олди
Яқинда олтин нархи 3 минг долларга чиқишини прогноз қилган компания АҚШ’да фоиз ставкалари кичикроқ миқдорда камайтирилиши мумкинлиги фонида эндиликда банк бир унция олтин учун 3 минглик чегара бузилишини кутмаяпти.
Goldman Sachs (Американинг трансмиллий инвестиция банки ва молиявий хизматлар компанияси – таҳр.) таҳлилчилари олтин нархларига оид прогнозларини қайта кўриб чиқди.
Уларнинг дастлабки тахминларига кўра, 2025 йил охирида олтин нархи 3,000 долларга етиши кутилган эди. Аммо Федерал захиранинг фоиз ставкаларини аввал ўйланганидан камроқ пасайтириши ушбу прогнозни ўзгартиришга олиб келди. Энди экспертлар бу кўрсаткичга фақат 2026 йилнинг ўрталарига келиб эришилади деб ҳисобламоқда.
Олтин нархининг қисқа муддатли прогнози
Таҳлилларга кўра, жорий йил охирига бориб олтин нархи 2,910 доллар атрофида бўлади. Ушбу прогноз АҚШ президентлик сайловидан кейин мамлакатда сиёсий ноаниқликнинг камайиши ва олтин ETF’ларининг (ETF – Exchange Traded Fund, биржа савдо фонди – таҳр.) пасайиши билан боғлиқ. Натижада, 2025 йил бошида олтин нархлари пастроқ даражадан бошланиши кутилмоқда.
Марказий банклар ва олтин бозори
Узоқ муддатда марказий банкларнинг олтин харидлари нархларнинг ўсишини таъминлашда асосий омил бўлиб қолади. Goldman Sachs таҳлилчилари марказий банклар ҳар ой ўртача 38 тонна олтин харид қилишини прогноз қилмоқда. Бу, бир томондан, глобал иқтисодий беқарорликни бартараф этиш воситаси бўлса, бошқа томондан, олтиннинг юқори нарх даражасини қўллаб-қувватлайди.
2024 йилдан бери ўзгарувчанлик
Ўтган йилда олтин нархи 27% га ошди ва инвесторлар учун жозибадор актив бўлиб қолди. Бироқ, 2024 йил ноябрь ойидан бошлаб доллар курсининг мустаҳкамланиши ва Федерал захиранинг инфляцияга эҳтиёткор ёндашуви олтин бозорига босим ўтказди. АҚШнинг юқори фоиз ставкалари олтин каби активларга бўлган талабни камайтиради.
Фоиз ставкалари ва олтин нархига таъсир
Goldman Sachs жорий йилда фоиз ставкалари 75 базавий пунктга пасайтирилишини кутмоқда. Одатда фоиз ставкаларининг пасайиши олтин нархига ижобий таъсир қилади, чунки бу инвесторларни бошқа активлар ўрнига олтинни танлашга ундайди. Аммо Федерал захиранинг эҳтиёткор сиёсати ушбу таъсирни секинлаштириши мумкин.
Глобал иқтисодий муҳитнинг мураккаблиги ва АҚШдаги иқтисодий ўзгаришлар олтин нархининг ўсишига узоқ муддатли таъсир ўтказиши кутилмоқда. Шу билан бирга, марказий банкларнинг олтин харидлари, геосиёсий ноаниқликлар ва инфляцияга қарши кураш стратегиялари олтиннинг барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда олтинни қандай сотиб олиш мумкин?