Генри Форд: дунё саноатини ўзгартирган даҳо
Pinkod бугунги мақолада машиналарни ўрта синф учун ҳам реалликка айлантирган Генри Форд ва унинг Ford Motor компаниясининг афсонавий йўли ҳақида ҳикоя қилади.
1863 йил 30 июлда Мичиган штатининг Гринфилд қишлоғидаги оддий деҳқон оиласида туғилган Генри Форд болалигидан техникага қизиқиб, ҳар хил механизмларни ўрганишга ўзгача иштиёқ билан киришган эди.
У ёшлигида турли хил асбобларини қисмларга ажратиб, қайта йиғиш орқали уларнинг қандай ишлашини тушунишга ҳаракат қилар эди. Бу қизиқиш унга келажакдаги жаҳон индустриясини ўзгартириб юборган янгиликлар қилишига илҳом манбаи бўлди.
Биринчи қадамлар: ёш муҳандиснинг орзуси
Форднинг оиласи кичик бир фермага эгалик қилган. 16 ёшида у оилавий фермани тарк этиб, Детройт шаҳрига йўл олди ва уша ерда механик сифатида шогирдликка тушди. Кейинги бир неча йил ичида Форд турли устахоналарда ўз малакасини оширди. 1891 йилда у Эдисон ёритиш компаниясида муҳандис сифатида ишга қабул қилинди ва қисқа вақт ичида бош муҳандис лавозимига кўтарилди.
Айнан шу даврда Форд ўзининг илк от ёрдамисиз юрадиган араваси – квадратцикл устида ишлай бошлади. 1896 йилда йиғилган бу енгил восита икки цилиндрли двигатель билан ишларди ва Генри Форднинг оммага мўлжалланган арзон автомобиллар яратиш орзусини рўёбга чиқаришга йўл очди.
Ford Motor компаниясига асос солиниши
Қатор муваффақиятсиз уринишлар ва сабоқлардан сўнг Форд 1903 йилда Ford Motor компаниясини ташкил қилди. Ўша даврда автомобиллар фақат бойлар учун мўлжалланган эди. Аммо бу компаниянинг асосий аудиторияси юқори қатлам эмас, балки деярли ҳамма эди. Унинг фикрича, автомобиллар ҳамма учун арзон ва қулай бўлиши керак эди. Ford ишлаб чиқариш линиясидаги дастлабки ютуқлардан бири Model А бўлди. Лекин ҳақиқий янгилик 1908 йилда чиқарилган Model Т орқали амалга оширилди. Модель Т, ўзининг оддийлиги, ишончлилиги ва арзонлиги билан миллионлаб одамларнинг ҳаётини ўзгартирди.
Ишлаб чиқаришдаги инқилоб: конвеер линияси
Форднинг энг буюк кашфиётларидан бири 1913 йилда амалга оширилди. Компания ишлаб чиқаришда конвеер линиясини жорий қилди. Мазкур инновациягача барча корхоналарда бир ишчи бир неча вазифаларни бажарар ва ишлаб чиқариш вақти сезиларли узун эди. Бунинг ортидан маҳсулот нархи ҳам кўтариларди. Форд усулининг ўзига хослиги шунда эдики, бунда ҳар бир ишчи фақат бир операцияни бажарарди, натижада жараён тезлашди ва бу самарадорлик кескин ошишига олиб келди. Олдин автомобиль йиғиш учун 12 соат вақт кетган бўлса, конвеер линияси ёрдамида бу вақт атиги 2,5 соатгача қисқартирди.
Форднинг конвеер линияси нафақат вақтни, балки ишлаб чиқариш таннархини ҳам камайтирди. Шу туфайли автомобилларни кенг оммага арзон нархда тақдим этиш имконияти пайдо бўлди. Масалан, Model T автомобилининг бошланғич нархи 850 доллар бўлса, конвеер линиясидан кейин нарх 300 долларгача пасайтирилди. Бу эса ўрта синф одамларига ҳам автомобиль сотиб олиш имкониятини берди. Конвеер линияси фақат автомобиль саноатига эмас, балки бошқа соҳаларга ҳам жиддий таъсир кўрсатди. Бутун дунё бўйлаб фабрикалар Форднинг инновациясидан илҳомланиб, ўз ишлаб чиқариш жараёнларини қайта кўриб чиқишди. Ушбу тизимнинг кенг жорий қилиниши натижасида замонавий ишлаб чиқариш технологияларининг асоси яратилди ва иқтисодиётда массавий ишлаб чиқариш ва юқори самарадорликни англатувчи “Фордизм” атамаси пайдо бўлди.
5 долларлик маош: ишчилар ҳаёти тубдан ўзгарди
Конвеер ёндашуви, шунингдек, ишчиларнинг меҳнат шароитларини ҳам ўзгартирди. Бир хил операцияни қайта-қайта бажариш ишчилардан камроқ малака талаб қила бошлади, лекин бу ўз навбатида уларнинг ишдан зерикишига ва руҳий чарчоққа олиб кела бошлади. Форд бу муаммоларни иш ҳақини ошириш ва ишчилар учун қулай шароит яратиш орқали ҳал қилишга ҳаракат қилди.
1914 йилда, Форд дунёни ҳайратда қолдириб, кунлик иш ҳақини $5 гача оширди, бу ўша пайтдаги ўртача маошдан икки баравар кўп эди. Ушбу қарор нафақат ишчиларнинг ҳаётини яхшилади, балки уларни компаниянинг содиқ ходимларига айлантирди. Мазкур ёндашув ишчи кучини барқарорлаштирибгина қолмасдан, балки кучли ўрта синфни шакллантиришга ёрдам берди.
Генри Форд нафақат автомобиллар яратди, балки миллионлаб одамлар учун янги ҳаёт тарзини бунёд этди. У Америка орзусини қайта жонлантирди, инновацияларни эса шунчаки бойлар учун реаллик, ўрта синф учун орзудан ҳақиқат даражасига олиб чиқди.