Фуқаролар олиб кирадиган товарлар бўйича импорт божларни қайта кўриб чиқиш керак — “Юксалиш”
2025 йил 1 майдан кучга кирган янги божхона нормаларига кўра, Ўзбекистонга шахсий эҳтиёж учун олиб кириладиган товарларга божсиз лимитлар кескин камайтирилди.
Натижада фуқаролар кўплаб товарлар учун 30 фоизлик бож тўлаши керак бўляпти, бу эса нархларнинг ошишига, истеъмолчи танловининг торайишига ва бозорда йирик импортчиларнинг мавқеини мустаҳкамлашга олиб келмоқда.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати бу борада бир қатор ҳуқуқий ва иқтисодий таклифларни илгари сурди.

Ўзбекистондаги янги божхона нормалари фуқаролар зиммасига қўшимча харажат юклаб, ички бозордаги рақобат муҳитига ҳам сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳақда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ўз таклифларини эълон қилди.
2025 йил 1 майдан бошлаб, Ўзбекистонга шахсий эҳтиёж учун олиб кириладиган товарлар бўйича янгиланган божсиз нормалар кучга кирди. Улар Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 апрелдаги 244-сон қарорига асосан белгиланган. Қарорга кўра, жисмоний шахслар қуйидаги лимитларда товарларни бож тўловисиз олиб киришлари мумкин:
- Ҳаво транспорти орқали — 1000 доллар
- Темир йўл ва дарё транспортида — 500 доллар
- Автомобиль ва пиёда ўтиш пунктларида — 300 доллар
- Халқаро курьерлик жўнатмаларида — 200 доллар
- Почта орқали — 100 доллар
Бироқ, амалиётда ушбу меъёрлар аҳолига қўшимча молиявий юк бўлиши билан бирга, ички бозордаги соғлом рақобатга ҳам бевосита таъсир кўрсатмоқда.
“Юксалиш” ҳаракати таъкидлашича, божхона тўловларининг амалдаги тартиби айрим товарлар бозорида монополия хавфини оширмоқда. Ўзбекистонда расмий дистрибьютори бўлмаган маҳсулотларни фуқаролар асосан четдан шахсий тарзда олиб киради. Аммо нормадан ошган қисм учун 30 фоизлик бож бу маҳсулотларни сунъий равишда қимматлаштиради. Натижада, истеъмолчилар танлови тораяди, йирик импортчиларнинг бозордаги мавқеи эса мустаҳкамланади.
“Натижада, рақобат пасайиши, нархлар ошиб, товарлар сифати ёмонлашиши ва кичик ҳамда ўрта тадбиркорлар учун бозорга кириш имкониятлари чекланиши мумкин. Бунинг оқибатида истеъмолчилар танлов ҳуқуқидан маҳрум бўлади ва соғлом бозор ривожланиши тўхтайди”, — дейилади ҳаракат баёнотида.
Қандай таклифлар илгари сурилмоқда?
Ҳаракат яширин иқтисодиётга қарши курашишда самарали ва инсон ҳуқуқларига дахл қилмайдиган механизмларни ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади. Ушбу муаммоларга ечим сифатида қуйидаги таклифлар илгари сурилган:
- Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёж учун товарларни олиб киришда бож тўловлари, лимитлар ва ставкаларни фақат Қонун даражасида белгилаш;
- Тижорат мақсадидаги импортни шахсий эҳтиёж учун олиб кириладиган товарлардан аниқ ажратиш механизмини ишлаб чиқиш, нормадан ошган қисмга 30% ставка ўрнига пастроқ, мутаносиб ва прогрессив ставкаларни жорий этиш;
- Божхона тарифларини маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ниқоби остида монополия воситасига айлантирмаслик, балки уларни фақат контрабандага қарши кураш ҳамда рақобатни ривожлантириш механизми сифатида қўллаш;
- Ички бозорда етарли рақобат шаклланмаган товарлар учун импорт шартларини енгиллаштириш;
- Рўйхатга олиш жараёнини соддалаштириш ва бож тўлови талаб қилинмаган ҳолларда (масалан, 1–2 дона шахсий қурилма) UzIMEI орқали рўйхатдан ўтказишни бепул қилиш.
Ҳаракатнинг фикрича, шахсий истеъмол товарларига нисбатан юқори бож ставкалари фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларига путур етказади. Божхона сиёсати эса иқтисодий эркинлик ва адолат тамойилларини ҳимоя қилган ҳолда, контрабандага қарши курашга йўналтирилган бўлиши лозим.