11 989.460 so‘m

increase

29.280

13 815.450 so‘m

increase

54.070

149.480 so‘m

decrease

-0.940

11 989.460 so‘m

increase

29.280

7 соат аввал
Банк
91

Фискал таҳлиллар институти банкларнинг айрим хизматларига ҚҚС жорий этиш таклиф қилди

Фискал таҳлиллар институти банклар учун фойда солиғини 20 фоиздан 15 фоизга туширишни таклиф қилди. 

Бу ўзгариш бюджет тушумларини йилига 859 млрд сўмга камайтириши мумкин. 

Мазкур йўқотишни айрим комиссияли хизматларга 12 фоизлик ҚҚС жорий этиш ҳисобига қоплаш таклиф қилинмоқда.

Фискал таҳлиллар институти банкларнинг айрим хизматларига ҚҚС жорий этиш таклиф қилди

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Фискал таҳлиллар институти 30 июль куни ўтказилган “Фискал мулоқот” тадбирида айрим тармоқлар учун фойда солиғи ставкаларини қайта кўриб чиқиш ташаббусини илгари сурди.

Таклифга кўра, банклар, мобил алоқа операторлари, полиэтилен гранула ишлаб чиқарувчилари, шунингдек, бозор ва савдо мажмуалари учун фойда солиғи амалдаги 20 фоиздан умумий 15 фоизлик ставкагача туширилиши керак. Ҳозир аксарият юридик шахслар фойдасига 15 фоизлик ставка қўлланади.

Институт фикрича, алоҳида тармоқларга юқорироқ солиқ ставкасининг белгиланиши рақобат ва солиқ адолати тамойилларига мос келмайди.

Ҳисоб-китобларга кўра, ставканинг 5 фоиз пунктга пасайтирилиши натижасида давлат бюджети йилига 859 млрд сўм фойда солиғи тушумидан айрилиши мумкин. Йўқотишни қоплаш чораларидан бири сифатида ҳозир ҚҚСдан озод қилинган айрим комиссияли молиявий хизматларни солиққа тортиш таклиф этилмоқда.

ҚҚС қуйидаги хизматларга татбиқ этилиши мумкин:

  • банк ҳисобварақлари ва карталарини юритиш;
  • ҳисоб-китоб ва касса хизматлари;
  • эквайринг ва тўловларни қабул қилиш;
  • кафолатлар ва аккредитивлар бўйича комиссиялар;
  • валюта айирбошлаш комиссиялари;
  • банк карталари орқали операцияларни процессинг қилиш;
  • депозитарий, рўйхатдан ўтказиш ва биржа хизматлари;
  • тўлов тизимларига тўланадиган мукофотлар;
  • факторинг ва форфейтинг операцияларининг хизмат кўрсатиш қисми.

Амалдаги Солиқ кодексининг 244-моддасига кўра, банк ҳисобварақлари ва карталарини юритиш каби қатор молиявий хизматлар ҚҚСдан озод қилинган. Қиймати қатъий суммада белгиланган айрим банк хизматлари бундан мустасно.

Ўзбекистонда ҚҚСнинг умумий ставкаси 12 фоизни ташкил этади. Агар банклар янги солиқ юкини мижозлар тўлайдиган тарифларга қўшса, комиссия хизматлари қимматлашиши мумкин. Масалан, ҚҚС тариф устига тўлиқ қўшилган тақдирда, 100 минг сўмлик хизмат нархи 112 минг сўмгача ошади.

Бироқ бу банкларнинг барча маҳсулотлари, жумладан, кредитлар ёки омонатларга автоматик равишда ҚҚС жорий қилинишини англатмайди. Институт таклифида айнан комиссия ундириладиган айрим хизматлар назарда тутилган.

Аввалроқ худди шу институт жисмоний шахсларнинг банк омонатларидан оладиган фоиз даромадларига 5 фоизлик солиқ жорий этишни таклиф қилган эди. Институт ҳисоб-китобига кўра, бу давлат бюджетига йилига қарийб 1,4 трлн сўм қўшимча тушум келтириши мумкин.

Шу тариқа, Фискал таҳлиллар институти бир вақтнинг ўзида банклар тўлайдиган фойда солиғини 20 фоиздан 15 фоизга камайтириш, омонатчиларнинг фоиз даромадларини 5 фоизлик солиққа тортиш ва айрим банк комиссияларига 12 фоизлик ҚҚС жорий этишни таклиф қилмоқда.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+