Фирибгарлик ҳолатларида онлайн кредит тўловлари тўхтатилиб, банк иловалари киришда хавфсизлик кучайтирилади
Фрод ҳолатида расмийлаштирилган онлайн кредитлар бўйича тўловлар ва фоизлар ҳисобланмайди ҳамда ундирилмайди. Мобил иловаларга кириш ва операциялар хавфсизлиги қатъийлаштирилиб, биометрик идентификация, телефон рақами–ЖШШИР мослиги ва бошқа чекловлар жорий этилади.

Адлия вазирлиги ва Марказий банк томонидан масофадан молиявий хизматлар кўрсатишда ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш, шунингдек фирибгарлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган минимал талаблар тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низом расмий эълон қилинганидан кейин уч ой ўтиб кучга киради.
Мазкур низомга мувофиқ, агар фуқаро номига онлайн кредит фирибгарлик (фрод) йўли билан расмийлаштирилгани аниқланиб, у суриштирувчи, терговчи, прокурор қарори ёки суд ажрими асосида жабрланувчи деб эътироф этилса, ушбу кредит бўйича барча ҳисоб-китоблар вақтинча тўхтатилади.
Бунда онлайн кредит ва у билан боғлиқ фоизларни ҳисоблаш ҳамда ундириш амалга оширилмайди.
Шу билан бирга, кредит ташкилоти етказилган моддий зарарни фрод ҳолатини содир этган шахсдан регресс тартибида ундириши мумкин. Агар кредит ташкилотида фирибгарлик ҳолатига шубҳа туғилса, у қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли органларга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
Агар суриштирув, дастлабки тергов ёки суд қарори натижасида фрод ҳолати юз бермаганлиги аниқланса, кредит ташкилоти онлайн кредит ва у билан боғлиқ фоизларни ҳисоблаш ҳамда ундиришни умумий тартибда давом эттиради.
Банк иловаларига кириш бўйича талаблар қатъийлаштирилди
Ҳужжатда банклар ва тўлов ташкилотларининг мобил иловаларидан фойдаланиш тартиби ҳам сезиларли даражада қатъийлаштирилган. Эндиликда мобил иловада рўйхатдан ўтган фойдаланувчи аккаунтига фақат ўзига ёки яқин қариндошларига тегишли бўлган банк ҳисобварақлари, пластик карталар ва электрон ҳамёнларни бириктиришга рухсат этилади. P2P ўтказмалари ҳам фақат ушбу аккаунт орқали амалга оширилиши мумкин.
Рўйхатдан ўтиш жараёнида фойдаланувчининг телефон рақами билан ЖШШИРи ўртасидаги мослик мажбурий тартибда текширилади. Агар бундай мослик аниқланмаса, иловада ҳисоб очиш ва карта бириктиришга йўл қўйилмайди.
Кредит ва тўлов ташкилотлари фойдаланувчиларни биометрик идентификациядан ўтказишда ҳаётийлик (liveliness) факторларини аниқлаши шарт. Фақатгина расм орқали идентификация қилишга энди рухсат берилмайди.
Шунингдек, SMS орқали юборилган бир марталик тасдиқлаш коди кетма-кет уч маротаба нотўғри киритилган тақдирда, фойдаланувчининг мобил иловадаги барча ҳаракатлари 15 дақиқа давомида вақтинча чекланади.
Агар аккаунтга бошқа қурилмадан кирилса ёки пароль қайта тикланса, ушбу аккаунтга боғланган барча карталар автоматик тарзда иловадан чиқарилади. Бундан ташқари, қурилмадаги карталар бўйича молиявий операциялар тарихи ўчириб юборилади. Карталарни қайта бириктириш фақат биометрик идентификациядан муваффақиятли ўтилгандан сўнггина амалга оширилиши мумкин.









