11 857.350 so‘m

decrease

-33.830

13 746.230 so‘m

decrease

-7.110

139.320 so‘m

decrease

-2.510

11 857.350 so‘m

decrease

-33.830

27 дақиқа аввал
Иқтисодиёт
38

Эндиликда тадбиркорлар 10 млрд сўмгача кредит учун гаровнинг атиги 25 фоизини таъминлайди

Ўзбекистонда кичик бизнеснинг кредит олиш имкониятларини кенгайтириш учун “контр-кафолат” тизими жорий этилади. Унга кўра, 10 млрд сўмгача кредит олаётган тадбиркорга талаб қилинадиган гаровнинг 75 фоизи давлат, Бизнесни кафолатлаш компанияси ва банклар томонидан қопланади.

Эндиликда тадбиркорлар 10 млрд сўмгача кредит учун гаровнинг атиги 25 фоизини таъминлайди

Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотда бизнесни молиялаштириш, давлат активларини сотиш ва сунъий интеллект хизматларини жорий этишга қаратилган янги ташаббусларни эълон қилди.

Янги тизимда 10 млрд сўмгача кредит учун гаровнинг 30 фоизини давлат, яна 30 фоизини Бизнесни кафолатлаш компанияси, 15 фоизини эса тижорат банклари ўз зиммасига олади. Натижада тадбиркорга кредит қийматининг қолган 25 фоизига тенг гаров тақдим этиш кифоя қилади.

Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун уч босқичли экотизим ҳам яратилади:

  • янги тадбиркорлар учун “Бизнес старт”;
  • ишлаб чиқаришни йўлга қўйган корхоналар учун “Бизнес лифт”;
  • янги ўсиш босқичига ўтаётган бизнеслар учун “Бизнес юксалиш”.

“Бизнес старт” дастурига 100 млрд сўм ажратилади. Дастур иштирокчиларига тайёр бизнес-режалар ҳамда 200 млн сўмгача гаровсиз кредит таклиф қилинади.

Бундан ташқари, тадбиркорлар сунъий интеллект ёрдамида бизнес лойиҳаси ва кредит ҳужжатларини тайёрлаш, шунингдек, ҳисобот юритишни ўрганади. Кредитларнинг фоиз ставкаси, муддати ва дастурда қатнашиш талаблари ҳозирча очиқланмади.

Яқинда “Кредит хизматлари ягона рақамли портали” ҳам ишга туширилган. Тадбиркор портал орқали битта ариза юборади, банклар эса унга кредит таклиф қилиш учун ўзаро рақобатлашади. Фаолиятини энди бошлаётган бизнеслар 5 млрд сўмгача кредитни онлайн расмийлаштириши мумкин бўлади.

Президент келтирган маълумотларга кўра, банклар кредит портфелида кичик бизнеснинг улуши 45 фоиздан 63 фоизга ошган. 2026 йилнинг биринчи ярмида кичик ва ўрта бизнесга 76,5 трлн сўм ресурс ажратилган.

“Тадбиркорга кредит бериш эмас, уни биринчи қадамидан катта бизнесга айлангунича бошидан охиригача қўллаб-қувватлайдиган комплекс тизим яратамиз”, — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат активларини сотиб олиш шартлари енгиллашади

Очиқ мулоқотда бўш ерлар ва самарасиз фойдаланилаётган давлат активларини бизнес лойиҳаларига жалб қилиш бўйича ҳам янги тартиблар эълон қилинди.

Давлат активини сотиб олишда талаб қилинадиган бошланғич тўлов 30 фоиздан 15 фоизга туширилади. Бу аванс миқдори икки баравар ёки 15 фоиз пунктга камайишини англатади.

Давлат мулки қийматини олти ой ичида тўлиқ тўлаган тадбиркорларга 25 фоиз чегирма берилади. Сумманинг ярмини тўлаган харидор эса қолган қисмини етти йил давомида фоизсиз бўлиб тўлаши мумкин бўлади.

Шу билан бирга, уч ой давомида сотилмаган давлат мулкининг бошланғич нархи босқичма-босқич 10 фоизгача камайтирилади. Аукцион ўтказиш муддати эса икки баравар қисқартирилади.

Сунъий интеллект ёрдамчилари бошқа соҳаларга ҳам киради

Тадбиркорларнинг солиқ харажатлари ва ҳисоботдаги хатоларини камайтиришга мўлжалланган “Виртуал солиқ маслаҳатчиси” сунъий интеллект портали ишга туширилган.

2027 йилдан шундай рақамли ёрдамчилар қурилиш, меҳнат муносабатлари, ташқи савдо ва давлат хизматлари йўналишларида ҳам жорий этилиши режалаштирилмоқда.

Эълон қилинган ташаббусларнинг аниқ амал қилиш санаси, молиялаштириш шартлари ва фойдаланиш мезонлари тегишли ҳужжатлар қабул қилингач маълум бўлади.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+