Энди уйларни “рассрочка”га олиб бўлмайдими? Адлия вазирлиги жавоб берди
2027 йилдан кўчмас мулк муддатли тўлов хизмати операторлари орқали сотилиши мумкин бўлмайди. Бироқ бу қурувчи компанияларнинг ўз уйларини харидорларга бевосита бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиши тақиқланади, дегани эмас.

Президентнинг 14 августдаги ПҚ–294-сон қарори эълон қилингач, ижтимоий тармоқларда 2027 йилдан уй-жойларни “рассрочка”га сотиб олиш тақиқланиши ҳақида талқинлар пайдо бўлди.
Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали янги чеклов барча турдаги бўлиб-бўлиб тўлаш савдоларига тааллуқли эмаслигини тушунтирди.
Қарорга кўра, 2027 йил 1 январдан муддатли тўлов хизмати операторлари фаолияти алоҳида тартибга солинади.
Ҳужжатнинг 3-банди “д” кичик бандида кўчмас мулк оператор кўрсатадиган муддатли тўлов хизматининг объекти бўла олмаслиги белгиланган. Яъни воситачи-оператор орқали уй-жой харидини “рассрочка” асосида молиялаштириш мумкин бўлмайди.
Бироқ бу норма қурувчи компаниянинг уйини харидорга бевосита бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотишига татбиқ этилмайди.
Сабаби қарорнинг 3-банди “а” кичик бандида сотувчи томонидан товарни истеъмолчига тўғридан-тўғри сотиш ҳолатлари муддатли тўлов хизмати тушунчасидан мустасно қилинган.
Шу тариқа, харидор қурувчининг ўзидан уй-жойни аввалгидек “рассрочка”га олиши мумкин. Чеклов қурувчи ва харидор ўртасидаги бевосита савдога эмас, учинчи томон сифатида қатнашадиган муддатли тўлов операторларига тегишли.
Аввалроқ Pinkod.uz хабар берганидек, янги тартиб билан муддатли тўлов бозори умуман олганда Марказий банк назоратига олинмоқда.
2027 йилдан операторлар махсус реестрга киритилади, улар орқали тузиладиган шартномалар муддати 12 ой ва қиймати 250 БҲМ билан чекланади, қарздорлик ҳақидаги маълумотлар эса кредит бюроларига узатилади.









