Дунёни ўзгартирган ихтиролар қилган, аммо деярли фойда олмаган кашфиётчилар
Pinkod.uz ўз ихтиролари орқали дунёни ўзгартирган, аммо молиявий даромад кўрмаган машҳур ихтирочилар ҳақида ҳикоя қилади.
Никола Тесла: ўзгарувчан ток ва симсиз технология
Никола Тесла электр энергиясини тақсимлаш тизими ва симсиз алоқа соҳасида инқилоб қилди. Бироқ, идеалистик қарашлари ва бизнесдаги тажрибасизлиги туфайли бой бўла олмади. Унинг рақиблари Томас Эдисон ва Гульельмо Маркони ўз ишларини яхшироқ тижоратлаштиришди ва кўпроқ машҳурликка эришишди. Тесла ҳаётининг сўнгги йилларини Ню-Йоркдаги арзон меҳмонхоналарда, молиявий қийинчиликда ўтказди ва ёлғиз ҳолда вафот этди.
Тим Бернерс-Ли: бутунжаҳон интернет тармоғи (www)
Тим Бернерс-Ли дунёни боғлаган энг муҳим ихтиро – бутунжаҳон интернет тармоғини яратди. У технологияни патентлаш ва ундан даромад олиш имконига эга эди, аммо интернетни бутун дунёга очиқ ва бепул қилишни афзал кўрди. Унинг ихтироси бугунги рақамли дунёни шакллантирган бўлса-да, ўзи бу ютуқдан молиявий фойда кўрмаган.
Дуг Энгельбарт: компьютер сичқончаси
2013 йилда вафот этган Дуг Энгельбарт компьютерлардан фойдаланишни қулайлаштириш мақсадида компьютер сичқончасини ихтиро қилган. У 1960 йилларда сичқонча устида ишлашни бошлаган ва 1970 йилга келиб унинг патентини олган. Ёғоч қобиқли ва икки металл ғилдиракли сичқонча замонавий технологиянинг энг муҳим кашфиётларидан бирига айланди. Биз бу ихтиродан деярли ҳар куни фойдаланамиз. Афсуски, сичқончанинг патенти 1987 йилда муддати тугаб, технология жамоат мулкига айланди. Шу сабабли, Энгельбарт ўз ихтиросидан деярли ҳеч қандай молиявий фойда олмаган.
Тревор Бейлис: механик радио
Тревор Бейлис 1990 йилларда батареясиз ишлайдиган Фреэплай механик радиосини ишлаб чиқди. 1994 йилда у Tomorrow’s World телекўрсатувида тақдим этилди. Кейинчалик у Жанубий Африкада BayGen Power Industries компанияси ташкил этилиб, ногирон ишчиларни иш билан таъминлаган ҳолда механик радиоларни ишлаб чиқара бошлади. Бироқ 2013 йилда The Daily Telegraph газетасига берган интервьюсида Бейлис молиявий аҳволи оғирлигини айтиб ўтди.
“Биз ихтиро қилишда жуда зўрмиз, аммо ихтирочиларни қўллаб-қувватлашда жуда сустмиз,” деган эди афсус билан ўз интервьюсида.
Ласло Биро: шарикли ручка
Ласло Биро бугунги кун иш ва таълим дунёсининг ажралмас қисми бўлган шарикли ручкани яратди. У ихтиросини патентлади, лекин Иккинчи Жаҳон уруши пайтида Британия ҳукумати патент ҳуқуқларини арзон нархда сотиб олди. Натижада, Биро шарикли ручка оммавий ишлаб чиқарилаётганда улкан фойда олиш имкониятини қўлдан бой берди. Унинг ихтироси бугунги кунда миллиардлаб нусхада ишлаб чиқарилаётган бўлса-да, у бу муваффақиятдан бойиб кетмади.
Алексей Пажитнов: тетрис компьютер ўйини
Алексей Пажитнов 1984 йилда дунёнинг энг машҳур компьютер ўйинларидан бири бўлган тетрисни ихтиро қилди. У Совет Иттифоқи ҳомийлигидаги компанияда ишлагани учун дастлаб ўйин учун гонорар олмаган. Тетрис дунё бўйлаб миллионлаб нусхада сотилган бўлса-да, Пажитнов 1996 йилгача ҳеч қандай даромад кўрмаган. 2014 йилда The Guardian билан суҳбатда у шундай деган эди:
“Кўп пул топмаган бўлсамда, аммо одамларнинг ўйинимдан завқланишини кўриш мен учун биринчи ўринда.”
Пажитнивнинг мазкур ихтироси кейинги асрдаги ўйин индустрияси ривожланишига ўзига хос трамплин вазифани бажариб берди.