11 795.000 so‘m

decrease

-18.090

13 698.710 so‘m

increase

21.510

135.800 so‘m

increase

0.190

11 795.000 so‘m

decrease

-18.090

5 соат аввал
Технология
92

Дунёдаги энг кучли AI: OpenAI GPT-6 Astra моделини тақдим этди

OpenAI мураккаб профессионал вазифаларни мустақил бажаришга мўлжалланган GPT-6 Astra моделини тақдим этди. 

Компания синовларига кўра, янги модель математика, дастурлаш, компьютерни бошқариш ва киберхавфсизликда GPT-5.6 ҳамда айрим рақибларини ортда қолдирган.  

OpenAI президенти Грег Брокман эса унинг яратилишини “AGI даври”нинг бошланиши деб баҳолади. 

Дунёдаги энг кучли AI: OpenAI GPT-6 Astra моделини тақдим этди

OpenAI мураккаб вазифаларни мустақил бажаришга мўлжалланган янги GPT-6 Astra сунъий интеллект моделини тақдим этди. Компания GPT-6 Astra’ни ҳозиргача яратган “энг ақлли ва энг яхши мослаштирилган” модели сифатида таърифламоқда. У тадқиқот олиб бориш, код ёзиш, ҳужжат, жадвал ва тақдимотлар тайёрлаш, интернетдан маълумот излаш ҳамда компьютердаги дастурлар билан ишлаш каби кўп босқичли вазифаларни бажара олади.

Моделнинг асосий фарқи шундаки, у фойдаланувчининг ҳар бир кейинги кўрсатмасини кутиб турмасдан, топшириқни бажариш учун зарур воситаларни танлаши ва иш жараёнини бошидан охиригача олиб бориши мумкин.

Astra рақибларидан қанчалик кучли?

OpenAI эълон қилган Agents’ Last Exam синовида GPT-6 Astra 59,3 фоиз натижа қайд этган. Бу Claude Opus 5’дан 3,8 фоиз пункт, GPT-5.6 Sol’дан эса 5,7 фоиз пункт юқори.

Илмий вазифаларни код ва терминал ёрдамида бажариш қобилиятини текширадиган Terminal-Bench Science синовида Astra 64,6 фоиз натижа кўрсатган. Claude Fable 5.1’да бу кўрсаткич 52,6 фоиз, Claude Opus 5’да 30 фоиз, GPT-5.6 Sol’да эса 22,4 фоизни ташкил этган.

Мураккаб математик масалалардан иборат FrontierMath Tier 4 синовида Astra 97,6 фоиз натижага эришган. Таққослаш учун, Claude Fable 5.1 — 87,8 фоиз, GPT-5.6 Sol — 83 фоиз, Claude Opus 5 эса 73,2 фоиз қайд этган.

Айни пайтда янги модель барча тестларда ҳам етакчилик қилмаган. Воситалардан фойдаланишга рухсат берилган Humanity’s Last Exam синовида Astra 57,2 фоиз натижа кўрсатган. Claude Fable 5.1 эса 65 фоиз билан ундан 7,8 фоиз пункт юқори натижа қайд этган.

Мустақил Artificial Analysis баҳолашида ҳам GPT-6 Astra 61 балл билан GPT-5.6 Sol’га тенглашган, бироқ 66 балл олган Claude Fable 5.1’дан ортда қолган. Демак, Astra OpenAI танлаган қатор синовларда етакчилик қилса-да, уни барча мезонлар бўйича мутлақ энг кучли модель деб бўлмайди

Киберхавфсизлик имкониятлари чекланади

Astra’нинг энг катта устунлиги киберхавфсизлик синовларида кўринади. ExploitBench’да у 100 фоиз натижа қайд этган. GPT-5.6 Sol’да бу кўрсаткич 78,5 фоиз, Claude Opus 5’да эса 70 фоизни ташкил қилган.

Янгироқ заифликларни қамраб олган ExploitBench синовида ҳам Astra 39 фоиз, GPT-5.6 Sol эса 11,5 фоиз натижа кўрсатган. Яъни янги моделнинг натижаси аввалги авлодникидан қарийб 3,4 баравар юқори.

OpenAI Astra’ни компаниянинг “критик” даражадаги киберхавфсизлик салоҳиятига етган биринчи модели сифатида баҳоламоқда. Тегишли воситалар берилганда у яхши ҳимояланган тизимлардаги илгари номаълум заифликларни топиши ва улардан фойдаланиш усулларини ишлаб чиқиши мумкин.

Шу сабабли моделнинг энг кучли киберхавфсизлик функциялари барча фойдаланувчиларга очилмайди. Улардан дастлаб OpenAI текширувидан ўтган ташкилотлар ва хавфсизлик мутахассислари фойдаланади.

OpenAI президенти: “AGI даврига кирдик”

Модель тақдимотида OpenAI президенти ва ҳаммуассиси Грег Брокман Astra сунъий умумий интеллект — AGI пайдо бўлганининг белгиси бўлиши мумкинлигини айтган.

“Менимча, биз бунга эришдик”, деган Брокман. У журналистлар билан брифингни “AGI даврига хуш келибсиз” деган жумла билан якунлаган

AGI одатда турли соҳалардаги вазифаларни ўрганиши ҳамда иқтисодий аҳамиятга эга ишларнинг аксариятида инсондан устун натижа кўрсатиши мумкин бўлган юқори даражада автоном тизим сифатида тушунилади.

Бироқ AGI’нинг ягона ва умумэътироф этилган мезони мавжуд эмас. Шу боис Брокманнинг баёноти GPT-6 Astra’нинг расман AGI деб тан олинганини англатмайди.

Бир миллиондан ортиқ токенни қайта ишлайди

GPT-6 Astra’нинг контекст ойнаси 1,05 млн токенни ташкил этади. Бу моделга бир топшириқ доирасида жуда катта ҳажмдаги ҳужжатлар, код ёки бошқа матнли маълумотларни таҳлил қилиш имконини беради. Битта жавобнинг максимал ҳажми эса 128 минг токен билан чекланган.

512 мингдан 1 млн токенгача бўлган узун контекст синовида Astra 96,3 фоиз натижа кўрсатган. GPT-5.6 Sol’да бу кўрсаткич 73,8 фоиз бўлган — фарқ 22,5 фоиз пунктни ташкил этади.

Модель матн ва тасвирларни қабул қилади, бироқ аудио ҳамда видеони бевосита қайта ишламайди. Ундаги маълумотларнинг якуний санаси 2026 йил 30 апрель этиб белгиланган.

Дастлаб GPT-6 Astra OpenAI’нинг Trusted Access дастуридаги ташкилотларга тақдим этилади. Кейинги кунларда ундан ChatGPT Plus, Pro, Business ва Enterprise тарифлари ҳамда API фойдаланувчилари фойдаланиши мумкин бўлади. Бепул тариф учун модель қачон очилиши ҳозирча маълум эмас.

API’да 1 млн кирувчи токен 10 доллар, чиқувчи токен эса 50 доллар туради. Мустақил ҳисоб-китобларга кўра, Astra камроқ токен сарфласа ҳам, битта вазифани бажариш GPT-5.6 Sol’га нисбатан ўртача 75 фоиз қимматроқ тушиши мумкин

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+