Доналд Трамп $1 млн эвазига АҚШда доимий яшаш ҳуқуқи берувчи дастурни ишга туширди
Трамп маъмуриятининг таъкидлашича, янги ташаббус орқали мамлакатга юқори малакали инвестор ва мутахассислар жалб қилиниб, ғазнага миллиардлаб доллар тушиши кутилмоқда. Шу билан бирга, янги тартибга кўра, АҚШ компаниялари хориждан H-1B визаси орқали мутахассис олиб келиш учун давлатга 100 минг доллар тўлаши лозим бўлади.

АҚШ президенти Доналд Трамп шахслар учун 1 миллион доллар, корхоналар учун эса 2 миллион доллар тўлов белгиланган “Олтин карта” визаси дастурини йўлга қўювчи фармонни имзолади.
Президентнинг таъкидлашича, бу дастур миллиардлаб доллар маблағ келтириб, солиқларни камайтириш ва давлат қарзини ёпишга хизмат қилади.
АҚШ Савдо котиби Ховард Лутникнинг айтишича, янги тартиб орқали мамлакатга фақат “энг юқори даражадаги фавқулодда инсонлар” қабул қилинади ва улар америкаликлар учун бизнес ҳамда иш ўринлари яратади.
У илгари амал қилган green card дастурини “мантиқсиз” деб атаб, бу йўл билан келганларнинг ўртача даромади паст бўлганини ва кўпчилиги давлат ёрдам дастурларидан фойдаланганини қайд этди. Лутникнинг сўзларига кўра, янги дастур АҚШ ғазнасига 100 миллиард доллардан ортиқ маблағ олиб келади.
Бундан ташқари, 5 миллион доллар тўлаган хорижий фуқарога “Trump Platinum Card” (“Трамп платина картаси”) берилади. Ушбу картага эга бўлган шахслар АҚШдан ташқарида олган даромадлари учун мамлакатда солиқ тўлашдан озод қилинади.
Оқ уй котиби Уилл Шарф ҳам Трамп маъмуриятининг асосий мақсади ноқонуний иммиграцияни тўхтатиш ва Америкага ҳақиқатан ҳисса қўша оладиган инсонлар учун йўл очиш эканини таъкидлади.
Шу куни Трамп яна бир фармонни имзолади. Унга кўра, H-1Б туридаги махсус визалар бериш тартиби ўзгартирилди.
Илгари ушбу визалар АҚШ компанияларига чет элдан юқори малакали мутахассисларни ишга олиш имконини берган бўлса, энди бундай ходимни жалб қилмоқчи бўлган компания давлатга 100 минг доллар тўлаши керак бўлади. Маъмурият бу ўзгаришлар америкаликларни ишга олиш ва уларни тайёрлашга кўпроқ рағбатлантиради, деб ҳисобламоқда.