Доллар расмий курси 12 100 сўмдан пастга тушди
30 сентябрдан амалда бўладиган АҚШ долларининг расмий курси 70,91 сўмга пасайиб, 12 067,76 сўмни ташкил этди.
Охирги маротаба шундай даражадаги пасайиш 2023 йил август ойи охирида кузатилган.
Умуман олганда, сўм курси бир ой ичида 413 сўмга, йил бошидан эса 837 сўмга мустаҳкамланди.

Ўзбекистонда доллар расмий курсининг сезиларли даражада пасайиши давом этмоқда.
Марказий банк маълумотига кўра, 30 сентябрдан амалда бўладиган АҚШ долларининг расмий курси 70,91 сўмга пасайиб, 12 067,76 сўмни ташкил этди. Бу миллий валютанинг сўнгги йилларда энг катта мустаҳкамланишларидан бири бўлди.
Охирги маротаба шундай даражадаги пасайиш 2023 йил август ойи охирида кузатилган. Шунингдек, доллар ўзининг энг юқори қайд этилган қийматидан (13 003,95 сўм) сезиларли даражада — 936 сўмга арзонлади.
Умуман олганда, сўм курси бир ой ичида 412,91 сўмга, йил бошидан эса 837,15 сўмга мустаҳкамланди.
Курс нега пасаймоқда?
Доллар курсининг пасайишига глобал жиҳатдан АҚШ Федерал резерв тизими томонидан асосий ставканинг сўнгги 9 ой ичида илк бор туширилиши, шунингдек келажакда яна икки марта пасайтирилиш ҳақидаги кутилмалар таъсир қилмоқда.
Бироқ сўмнинг мустаҳкамланишига таъсир этувчи асосий омиллар ички ва ташқи шароитлар билан боғлиқ. Жумладан, 2025 йилнинг дастлабки 8 ойида Ўзбекистон $8,4 млрдлик олтин экспортини амалга оширди. Бу кўрсаткич олдинги йиллардаги йиллик натижалардан ҳам юқори.
Бундан ташқари, Ўзбекистонга трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми ҳам ортишда давом этмоқда. Жорий йилнинг ўзида бу кўрсаткич $12,1 млрдни ташкил қилди.
Маълумот учун, Kap Depo инвестиция компанияси октябрь ойи охирига келиб доллар 12 400 сўм атрофида шаклланиши, йил якунида эса 12 510-12 620 сўм диапазонида бўлишини кутмоқда.