Доллар курси сўнгги тўққиз ойдаги минимумга тушди
АҚШ долларининг ўзбек сўмига нисбатан қиймати 27,81 сўмга пасайиб, 12 646,56 сўмни ташкил этди. Бу 2024 йил сентябридан бери қайд этилган энг паст кўрсаткичдир.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 2025 йил 12 июндан бошлаб кучга кирадиган хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги расмий курсларини эълон қилди.
Унга кўра, АҚШ долларининг курси 27,81 сўмга пасайиб, 12 646,56 сўмни ташкил этди. Бу 2024 йил сентябридан бери қайд этилган энг паст кўрсаткич.
Валюта курслари қуйидагича белгиланди:
АҚШ доллари — 12 646,56 сўм (-27,81 сўм)
Евро — 14 461,34 сўм (-8,99 сўм)
Россия рубли — 160,88 сўм (-0,35 сўм)
Фунт стерлинг — 17 070,33 сўм (-29,93 сўм)
Доллар курсининг пасайишига нима сабаб бўлмоқда?
Иқтисодчи Миркомил Холбоевга кўра, доллар курси пасайшининг асосий омиллари ҳали ҳам ўзгаришсиз қолмоқда.
Сўнгги кунларда ҳамкор давлатлар валюталари, хусусан, Россия рубли ва Қозоғистон тенгеси нисбатан мустаҳкамланиш тенденциясини намоён этмоқда. Июнь ойи бошидан буён рублнинг ўртача курси олдинги олти сессиядаги ўртача кўрсаткичга нисбатан 0,4 фоизга ўсди, май ойидаги ўртача курсга нисбатан эса 1,5 фоизга мустаҳкамланди.
Шунингдек, Қозоғистон тенгеси май ойига нисбатан 0,3 фоизга, июнь ойи бошидан 10 июнгача эса тахминан 0,5 фоизга мустаҳкамланди. Ушбу валюталарнинг мустаҳкамланиши пул ўтказмаларининг кўпайиши ва Ўзбекистон сўмининг барқарорлашувига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Доллар индекси (DXY) сўнгги ҳафтада нисбатан барқарор бўлиб қолмоқда, аммо умумий қадрсизланиш фазасида давом этмоқда. Июнь ойи бошидан буён доллар индекси 0,1 фоизга пасайган бўлса, сўнгги бир ойда тахминан 2,5 фоизга қадрсизланган. Долларнинг глобал миқёсда қадрсизланиши сўмнинг барқарорлиги ва мустаҳкамланишига замин яратмоқда.
Сўм қўшни давлатлар валюталари, хусусан, Қозоғистон тенгесига нисбатан 0,7 фоизга, Қирғизистон сомига нисбатан 0,6 фоизга мустаҳкамланган бўлса, Тожикистон сомонисига нисбатан 1,3 фоизга қадрсизланган. Рублга нисбатан эса 0,4 фоизга қадрсизланиш кузатилди. Бу минтақавий тенденцияларни акс эттиради: рублнинг мустаҳкамланиши минтақадаги бошқа валюталарнинг долларга нисбатан ўсишига ёрдам бермоқда, лекин улар рублга нисбатан қадрсизланмоқда.
Иқтисодчига кўра, пул ўтказмалари (айниқса, рублнинг мустаҳкамланиши туфайли ўсиши мумкин), олтин ва бошқа экспорт товарларининг нарх ўзгариши, шунингдек, капитал оқими каби омиллар сўм курсига таъсир кўрсатиши мумкин. Бироқ, ушбу омилларга оид аниқ маълумотлар ҳозирча мавжуд эмаслиги сабабли, уларнинг таъсирини аниқ баҳолаш қийин. Шу билан бирга, йил бошидан буён юқори даражадаги олтин экспорти (5,6 млрд доллар) натижасида тўпланган захиралар сўмнинг мустаҳкамланишида муҳим роль ўйнаган бўлиши эҳтимоли юқори.
Аввалроқ, S&P Global рейтинг агентлиги келгуси уч йилдаги расмий курси бўйича прогнозларини тақдим этган эди.
Унга кўра долларнинг ўзбек сўмига нисбатан қиймати:
2025 йилда — 13,566 сўм
2026 йилда — 14,244 сўм
2027 йилда — 14,957 сўм
2028 йилда — 15,704 сўм