Доллар курси 11 кунлик узлуксиз ўсишдан сўнг пасайди
Ўзбекистонда доллар курси 27 январдан бери давом этган узлуксиз ўсишдан кейин пасайди. АҚШ долларининг ўзбек сўмига нисбатан қиймати 10,35 сўмга пасайиб, 1 доллар учун 12 309,99 сўмни ташкил этди. S&P Global’нинг янгиланган прогнозига кўра, 2026 йил якунига келиб доллар курси 12 592 сўмни ташкил этиши мумкин.

Марказий банк 11 февралдан кучга кирадиган хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги расмий курсларини эълон қилди.
Унга кўра, АҚШ долларининг ўзбек сўмига нисбатан қиймати 10,35 сўмга пасайиб, 1 доллар учун 12 309,99 сўмни ташкил этди.
Мазкур пасайиш сўнгги 12 сессия ичидаги илк пасайиш бўлди. Бунгача доллар курси 27 январдан 10 февралгача бўлган даврда кетма-кет 11 савдо сессияси давомида ўсиб борган эди.
Ушбу давр мобайнида доллар курси 12 084,95 сўмдан 12 320,34 сўмгача кўтарилган.
Доллар курси бўйича қандай прогнозлар бор?
Валюта курсини аниқ башорат қилиш деярли имконсиз. Масалан, S&P Global аввалроқ доллар курси 13 566 сўмгача кўтарилишини прогноз қилган эди, бироқ амалда курс йил охирига келиб 12 минг сўм атрофида шаклланди.
Шунга қарамай, айрим институтлар ўз прогнозларини эълон қилган. Жумладан, 2026 йилги давлат бюджетида доллар курси ўртача 12 350 сўм даражасида бўлиши кутилмоқда.
S&P Global’нинг янгиланган прогнозига кўра, 2026 йил якунига келиб доллар курси 12 592 сўмни ташкил этиши мумкин.
Евроосиё тараққиёт банки ҳам курс бўйича баҳоларини тақдим этган:
2026 йил охири — 12 800 сўм
2027 йил охири — 14 100 сўм
2028 йил охири — 15 100 сўм









