12 948.100 so‘m

increase

17.990

13 502.280 so‘m

increase

111.860

121.010 so‘m

increase

0.070

12 948.100 so‘m

increase

17.990

28 декабрь, 2024
FinLit

Дефляция: нархлар тушиши иқтисодиёт учун қанчалик яхши?

Нархлар тушиши бир қарашда ёқимли туюлса-да, бу узоқ йиллик иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Дефляция: нархлар тушиши иқтисодиёт учун қанчалик яхши?
Фото: AI

Дефляция – бу умумий нархлар даражасининг тушиши жараёнидир. Бу ҳолат бозорда маҳсулот ва хизматларнинг арзонлашишига олиб келади. Бироқ, нархлар пасайиши биринчи қарашда истеъмолчилар учун фойдали кўринса-да, узоқ муддатда иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Дефляция кўпинча инфляцияга қарама-қарши жараён ҳисобланади ва турли иқтисодий омиллар таъсирида юзага келади. Улардан баъзилари қуйида келтирилади.

Талабнинг камайиши. Истеъмолчиларнинг харид қобилиятининг пасайиши ёки компаниялар маҳсулот ва хизматларга бўлган талабни қисқартириши дефляцияни келтириб чиқаради. Маҳсулотларини сота олмай қолган ишлаб чиқарувчилар нархларни арзонлаштиради.

Ишсизликнинг ошиши. Агар иқтисодий пасайиш натижасида иш ўринлари қисқарса ёки иш ҳақининг камайиши содир бўлса, табиийки истеъмолчи харажатларини камайтиради. Бу эса талабнинг тушишига олиб келади.

Пул айланишининг секинлашиши. Кредит олишнинг қийинлашиши ва одамлар тежамкорликни оширишга интилиши иқтисодий фаолликни сусайтиради. Бу жараёнлар нархларнинг пасайишига туртки бўлади.

Технологик ривожланиш. Янги технологиялар ва инновациялар ишлаб чиқариш харажатларини камайтиради. Бу эса нархлар пасайишига олиб келади.

Нархлар тушгани яхшими ёки ошгани?

Нархларнинг пасайиши дастлаб истеъмолчилар учун фойдали бўлиб туюлса-да, аслида бу жараён иқтисодий фаолликнинг пасайишига олиб келади. Нархлар пасайиши компаниялар даромадларининг қисқаришига сабаб бўлади, бу эса иш ўринларининг камайиши ва ишсизликнинг ортишини юзага келтириши мумкин. Ишчилар даромадларининг камайиши эса истеъмол талабини янада пасайтиради, бу эса иқтисодиётдаги турғунликни кучайтиради. Яъни иқтисодиёт ўсишдан тўхтаб қолиши эҳтимоли пайдо бўлади.

Қарздорлар учун дефляция алоҳида муаммоларни келтириб чиқаради. Нархлар пасайганда қарзнинг реал қиймати ошади, чунки қарздорлар қарзларини қайтаришда аввалги даромадга нисбатан кўпроқ маблағ сарфлайди. Бу ҳолат нафақат шахсий, балки корпоратив ва давлат молиявий тизимига ҳам зарар етказади. Дефляция узоқ муддатли сармоялар камайишига олиб келади. Талабнинг пасайиши ва даромадларнинг қисқариши корхоналарни янги лойиҳаларга сармоя қилишдан чеклайди. Бу иқтисодий ривожланишни тўхтатади ва технологик ютуқларнинг жорий этилишига тўсқинлик қилади.

Япониянинг йўқотилган ўн йили

1990 йилларда Япония “Йўқотилган ўн йил” деб номланган дефляция ва иқтисодий турғунлик даврини бошдан кечирди. Нархларнинг тушиши талабнинг пасайишига олиб келди, истеъмолчилар харажатларни кечиктирди, компаниялар эса фойда кўрмай иш ўринларини қисқартирди.

Банкларнинг кредитлашни чеклаши реал қарз қийматини оширди ва қарздорлар ҳолатини қийинлаштирди. Бу ҳолат иқтисодий ўсишни тўхтатди ва ижтимоий турғунликни кучайтирди. Япония тажрибаси дефляциянинг зарарли оқибатларини кўрсатиб, нархлар барқарорлигини таъминлаш қанчалик муҳимлигини исботлади.

Япония мисолида кўрганимиздек, дефляция одамларда пулни сақлаш инстинктини уйғотади. Нархларнинг тушиши истеъмолчиларга арзон маҳсулотлар харид қилиш имконини бергани учун улар кўпроқ тежашга интилади. Чунки дефляция шароитида харидор бир ҳафта кутиб турса маҳсулотни янада арзонроқ нархга сотиб олиш имконияти пайдо бўлади.

Дефляция қисқа муддатда фойдали бўлиб кўринса-да, аммо узоқ муддатда иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли, нархлар барқарорлигини таъминлаш иқтисодиёт ривожи учун жуда муҳимдир.


Мавзуга оид: Инфляция ҳақидаги асосий тушунчалар


Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+