Давлатлар қаердан ёки кимдан қарз олади?
Қарз олиш мамлакатлар учун муҳим ва керакли молиявий инструмент ҳисобланади. Аммо бу қарзни мамлакатга ким ёки қайси ташкилот беради?
Одатда давлат ривожланиши ва ўз давлати иқтисодиётини ривожлантириш ёки барқарорлигини сақлаб қолиш учун қаердандир қарз олиши керак бўлади. Аммо бу қарзни мамлакатга ким ёки қайси ташкилот беради? Бугун биз айнан қарз олинадиган манбалар ва уларнинг турлари ҳақида гаплашамиз.
Умуман олганда, давлатларда қарз олиш учун икки хил манбалар мавжуд.
Миллий манбалар
Фуқаролар ва институтлар
Бунда ҳукумат ўз фуқаролари ва маҳаллий ташкилотлардан қарз олади. Мисол учун, давлат томонидан облигациялар ёки қимматли қоғозлар чиқарилади. Бу нисбатан хавфсиз инвестициялардан бири ҳисобланади, чунки давлат облигация олган фуқаролар олдида ўз мажбуриятларини бажариш учун солиқларни ошириш ёки пул чоп этиш имкониятига эга.
Марказий банклар
Баъзида ҳукумат марказий банклардан қарз олади. Бу қарз жараёни одатда марказий банк давлат облигацияларини сотиб олиши орқали амалга оширилади. Бундай ҳолатда, марказий банк давлатга тўғридан-тўғри қарз беради. Аммо бу жараён инфляция хавфи ва молиявий интизомни бузиш хавфи туфайли одатда камдан-кам амалга оширилади.
Энг кўп миқдордаги қарз бўйича АҚШ жаҳонда биринчи ўринда туради. Мамлакат қарзи ҳозирда $36,2 трлнни ташкил қилади.
Халқаро манбалар
Чет давлатлар
Давлатлар бир-бирига ўзаро қарз бериши мумкин, бу кўпинча давлат облигацияларини сотиб олиш орқали амалга оширилади. Масалан, Япония ва Хитой, АҚШ давлат облигацияларининг катта қисмини ўзида сақлайди. Аммо давлатдан-давлатга тўғридан-тўғри қарз бериш институтларлараро қарз олишдан кўра камроқ учрайди.
Халқаро молиявий институтлар
Халқаро Валюта Жамғармаси (ИМФ) ва Жаҳон банки каби ташкилотлар давлатларга қарз беради. Бу қарзлар одатда иқтисодий ислоҳотлар ёки ривожлантириш мақсадига йўналтирилади ва кўпинча қатъий шартлар билан бирга берилади. Ушбу институтлар ўз маблағларини аъзо давлатларнинг бадаллари ва халқаро капитал бозорлардан қарз олиш орқали йиғади.
ЯИМга нисбатан давлат қарзи бўйича Япония тахминан 255% билан жаҳонда биринчи ўринда туради.
Хусусий инвесторлар
Дунё бўйлаб банклар, инвестиция фондлари ва бошқа молиявий ташкилотлар ҳукумат облигацияларини сотиб олишади. Ушбу инвесторлар фоизлардан фойда олишни мақсад қилади, аммо валюта курсларидаги ўзгаришлар ва суверен қарзга боғлиқ хавфлар туфайли уларнинг қарорларига эҳтиёткорлик билан ёндашилади. Бу каби амалиёт асосан ривожланган мамлакатларда кўпроқ учрайди.
Кўп томонлама ва икки томонлама келишувлар
Давлатлар йирик инфратузилмавий лойиҳалар ёки иқтисодий инқирозлардан чиқиш учун бир нечта давлатлар ёки халқаро ташкилотлар билан келишувлар орқали қарз олишлари мумкин. Бу турдаги қарз олиш одатда узоқ муддатли режалаштириш ва муайян шартларни бажаришни талаб қилади.
Маълумот учун, Ўзбекистоннинг ҳозирги давлат қарзи $37 млрдни ташкил қилмоқда. “Фуқаролар учун бюджет” ҳисоботида эса бу миқдор 2025 йилда $45,1 млрдга кўпайиши, яъни ЯИМнинг 36,7 фоизига етиши прогноз қилинмоқда.