Давлат банкларини хусусийлаштириш яна кечикиши мумкин - Fitch ratings
Халқаро рейтинг агентлиги банк секторидаги ислоҳотларга қарамасдан, ҳануз айрим хатарлар сақланиб қолаётганини таъкидламоқда.
Улар қаторига молиялаштириш харажатларининг ошиши, валютага боғлиқлик ва активлар сифатига доир муаммолар киради.

Fitch Ratings халқаро рейтинг агентлигининг Тошкентда яқинда ўтказилган конференциясида таъкидланишича, 2020 йилдан буён Ўзбекистон банк секторида олиб борилаётган ислоҳотлар муҳим натижаларни бермоқда.
Шунга қарамай, тижорат банкларининг кредит портфели ҳанузгача чуқур илдиз отган таркибий муаммолар ва сўнгги йилларда юзага келган янги хатарлар туфайли босим остида қолмоқда.
Ислоҳотлар доирасида эришилган энг муҳим ютуқлардан бири сифатида 2023 йилда йирик давлат банкларидан бири — Ипотека-банк (BB-/Барқарор)нинг Венгрияда жойлашган OTP Group’га муваффақиятли хусусийлаштирилгани қайд этилди. Шунингдек, хусусийлаштирилиши режалаштирилган бошқа банкларда ҳам бошқарув сифати ва корпоратив бошқарув сезиларли даражада яхшиланган. Бироқ, айрим банкларнинг хусусийлаштирилиш жараёни бир неча бор кечиктирилган.
Хусусийлаштириш яна кечикиши мумкин
Президент фармонига мувофиқ, Ўзбекистон саноат-қурилиш банки (СҚБ), Асақабанк ва Алоқабанк 2025-йил охиригача хусусийлаштирилиши лозим. Ҳар учала банк “BB-” рейтингига эга бўлиб, давлат томонидан қўллаб-қувватланади. Бироқ паст даромад келтирувчи йўналтирилган кредитлар (уларнинг баъзилари паст сифатли ҳисобланади), капитал етишмовчилиги сабабли кредит ўсишининг чекланиши ва ички бозорда кучли рақобат бу банкларнинг хусусийлаштирилишини мураккаблаштиради.
Давлат банкларининг айримлари эса иш услубини ўзгартириб, ижтимоий йўналтирилган ва субсидия берилган кредитлар улушини камайтириб, тижорат кредитларига — яъни аҳоли ва кичик бизнесни молиялаштиришга — фаол ўтмоқда. Халқ Банки, Бизнесни ривожлантириш банки ҳамда Микрокредитбанкнинг айрим улушлари янги ташкил этилган Миллий инвестиция жамғармасига ўтказилди. Мазкур жамғарма халқаро тажрибага эга Franklin Templeton компанияси томонидан бошқарилади. Бу эса банклар бошқаруви ва хавфларни назорат қилиш тизимини мустаҳкамлаш, давлат аралашувини камайтириш ва молиявий барқарорликни таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Молиялаштириш хатарлари ва долларлашув таъсири
Молиялаштириш харажатлари, айниқса АҚШдаги фоиз ставкалари билан боғлиқ ноаниқликлар сабабли, ошиши мумкин. Шунингдек, долларлашув даражасининг ҳануз юқорилиги (гарчи бу кўрсаткич сўнгги вақтларда рекорд паст даражага тушган бўлса-да), активлар сифати билан боғлиқ давом этаётган хатарлар ва ташқи молиялаштиришга бўлган қарамлик мамлакат банк сектори молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бироқ, давлат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлов ва халқаро молиявий институтлардан олинган имтиёзли, узоқ муддатли ташқи қарзлар бу хатарларни юмшатишга ёрдам бермоқда. Fitch прогнозига кўра, рейтингга эга Ўзбекистон банкларидаги муаммоли кредитлар даражаси 2025–2026 йилларда 9–10% атрофида энг юқори чўққига чиқиши мумкин (2023-йилда бу кўрсаткич 8% эди).
Чакана кредитлашнинг кескин ўсиши банклар рентабеллигига ижобий таъсир кўрсатган бўлса-да, бу жараён маълум хатарларни ҳам юзага келтирмоқда. Бундай кредитлар кредит портфелининг диверсификациясини таъминлаб, долларизацияни қисқартиришга хизмат қилган. Марказий банк автомобил кредитлари ва оилавий бизнес кредитларига чекловлар жорий этиб, бу борада самарали натижаларга эришди.
Шунингга қарамай, таъминотсиз истеъмол кредитлари (гаровсиз кредитлар) йиллик ҳисобда 50% га ошди. 2025 йилнинг биринчи чорагида уларнинг улуши умумий кредитларнинг 9% ни ташкил этди (2023 йил охирида — 5%). Бу эса ҳукумат томонидан ушбу сегментга нисбатан қўшимча назорат чораларини киритишни тақозо этмоқда.
Бундан ташқари, кичик ва ўрта бизнес (КЎБ) субъектларига ажратилаётган кредитлар ҳам маълум хатарларни ўз ичига олади. Ҳозирда ҳукумат ушбу соҳани фаол қўллаб-қувватламоқда, банклар ҳам ушбу сегментда фаол кредитлашни бошлаган. Бироқ қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва тўқимачилик соҳалари, шунингдек, хорижий валютадаги кредитлар юқори даражадаги таваккалчилик билан боғлиқ бўлиб қолмоқда.