Чирчиқда банк ходими 13 кишининг 1,3 млрд сўм омонатини ўзлаштирди
Чирчиқ шаҳрида тижорат банки ходими 13 нафар фуқаро омонат учун топширган жами 1,3 млрд сўмни ўзлаштирганликда гумон қилинмоқда. У пулларни банкка кирим қилмасдан, тизимга маблағлар омонат ҳисобварақларига ўтказилгани ҳақида сохта маълумот киритган.

Чирчиқ шаҳрида тижорат банкининг БХМ бўлими бошлиғи фуқаролар омонат учун топширган маблағларни банк кассасига кирим қилмасдан ўзлаштирганликда гумон қилинмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, 13 нафар фуқаронинг жами 1,3 млрд сўми талон-торож қилинган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Чирчиқ шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда тижорат банки ходимининг ноқонуний ҳаракатлари аниқланган.
Департамент маълумотига кўра, банкнинг БХМ бўлими бошлиғи О.Р. 13 нафар фуқаро томонидан омонат учун топширилган пулларни банк кассасига кирим қилмаган.
Айни пайтда у маблағлар банкка қабул қилингандек кўрсатиш учун фуқароларнинг омонат ҳисобварақларига сохта маълумотлар киритгани айтилмоқда.
Натижада жами 1,3 млрд сўм маблағ ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси — ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш аломатлари бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.









