11 903.150 so‘m

decrease

-62.360

13 329.150 so‘m

decrease

-108.120

146.750 so‘m

increase

0.790

11 903.150 so‘m

decrease

-62.360

Якин 2 соат ичида
Бозор
66

“Бу бошқача маркет”: Ўзбекистонда Yandex Market ёпилмоқда

Market Yandex Go Ўзбекистон бозорига кирганидан 19 ой ўтиб, 10 ноябрдан янги буюртмаларни қабул қилишни тўхтатади. 

Компания маркетплейс учун 9 минг квадрат метрлик омбор қуриб, хизматни тўққизта ҳудудга кенгайтирган ва “Бу бошқача маркет” реклама кампанияси билан Uzum’га очиқ рақобатчи сифатида кириб келган эди. 

Pinkod Yandex Маркет’нинг шов-шувли стартидан ёпилишигача бўлган қисқа тарихига назар ташлади. 

“Бу бошқача маркет”: Ўзбекистонда Yandex Market ёпилмоқда

Market Yandex Go Ўзбекистонда иш бошлаганидан 19 ой ўтиб, 10 ноябрдан фаолиятини тўхтатади. Uzum Market билан реклама жанги орқали бозорда шов-шув кўтарган Yandex энди классик маркетплейс моделидан воз кечиб, Lavka ва “Дўконлар” орқали тезкор етказиб беришга эътибор қаратмоқда.

Yandex Uzbekistan маълумотига кўра, Market витринасида 10 ноябргача буюртма бериш мумкин. Шу санагача расмийлаштирилган буюртмалар қайта ишланиб, харидорларга етказилади. 

Қўллаб-қувватлаш хизмати ҳам фойдаланувчилар ва ҳамкорларнинг мавжуд буюртмалар бўйича мурожаатларига жавоб беришда давом этади.

Компания қарорини тезкор етказиб бериш йўналишидаги ўсиш билан изоҳламоқда. 

Yandex маълумотларига кўра, Lavka ва “Дўконлар”даги буюртмалар сони 2025 йилга нисбатан уч баравар кўпайган. “Дўконлар” билан ишлаётган ҳамкорлар сони қарийб икки баравар ошиб, 500 тага етган. Lavka эса Ўзбекистонда 10 та даркстор орқали ишламоқда.

Бироқ Yandex Market’нинг ўзига доир буюртмалар сони, савдо айланмаси, фаол сотувчилар ва харидорлар кўрсаткичларини ошкор қилмаган. Шу сабабли маркетплейснинг ёпилишига талабнинг пастлиги, операцион харажатлар ёки маҳаллий рақобат қай даражада таъсир қилганини очиқ маълумотлар асосида аниқлаб бўлмайди.

Ҳаммаси “Бу бошқача маркет”дан бошланганди

Yandex Market 2025 йил апрелида Ўзбекистон бозорига катта реклама кампанияси билан кириб келган эди. 

Телевидение ва ижтимоий тармоқларда намойиш этилган роликда бир йигит атрофидагилардан “ажойиб маркет” ҳақида эшитади, аммо маркет номи айтилган пайтда ҳар сафар турли шовқинлар гапни босиб кетади.

Ролик охирида йигит қўлидаги узум дастасини кўрсатиб, “А, бу маркетми?” деб сўрайди. Унга “Йўқ, бу бошқача маркет”, деган жавоб берилиб, Market Yandex Go таништирилади.

Uzum Market бу рекламани ўз брендига билвосита ишора ва инсофсиз рақобат деб баҳолади. Дастлаб компания ижтимоий тармоқларда ўзининг жавоб ролигини эълон қилди. Кейинчалик эса Рақобат қўмитасига расмий мурожаат йўллади.

Yandex ҳам реклама юришларини давом эттириб, Қурбон ҳайити арафасида Uzum Market, Ozon ва Wildberries’нинг буюртма топшириш пунктларига совға саватлари юборди. Бу икки маркетплейс ўртасидаги маркетинг рақобатини яна кучайтирди. Pinkod Yandex ва Uzum ўртасидаги реклама жанги қандай бошланганини аввалроқ батафсил ёритган эди.


Yandex ва Uzum ўртасидаги маркетинг жанги: ҳаммаси қаердан бошланган эди?


2025 йил августида Рақобат қўмитаси Yandex рекламасида Uzum Market’га билвосита ишора қилинган, деган хулосага келди. Комиссия бинафша рангдаги кийим, узум дастаси ва “бу бошқа маркет” ибораси орқали Yandex Market’нинг рақибидан устунлиги ҳақида холис асосга эга бўлмаган тасаввур яратилганини қайд этди.

Натижада YandexGo UB’га рекламани оммавий ахборот воситаларидан олиб ташлаш топширилди. Uzum Market бевосита моддий зарар етказилганини тасдиқловчи етарли ҳужжат тақдим этмагани сабабли молиявий санкция қўлланмаганди.

9 минг квадрат метрлик омбор ва ҳудудларга кенгайиш

Yandex Market дастлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг айрим туманларида иш бошлади. Платформада электроника, маиший техника, кийим-кечак, пойабзал, косметика ҳамда уй ва таъмирлаш учун маҳсулотлар сотилган.

Ишга туширилган пайтда харидорлар буюртмаларини 60 та топшириш пунктидан олишлари ёки курьер орқали етказиб беришлари мумкин эди. Yandex 2025 йил охиригача бундай пунктлар сонини мамлакат бўйлаб 250 тага етказишни режалаштирган. Бундан ташқари, компания Зангиота туманида сотувчилар учун 9 минг квадрат метрлик омбор қурган ва Yandex Split орқали бўлиб тўлаш хизматини таклиф қилган. 

Market Yandex Go выходит на рынок Узбекистана — UzDaily.uz

2025 йил августида хизмат Фарғона, Андижон, Наманган, Бухоро, Жиззах, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятлари ҳамда Навоий шаҳрига кенгайди. Шу тариқа Yandex Market Тошкентдаги синов босқичидан ҳудудий маркетплейсга айланиш томон ҳаракат қилган эди. 

Шунга қарамай, компания бир ярим йилдан сал кўпроқ вақт ўтиб ушбу моделни давом эттирмасликка қарор қилди. Yandex Market учун қурилган омбор, буюртма топшириш пунктлари ва сотувчилар инфратузилмасининг кейинги тақдири ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган.

Yandex Market бозорда анча йирик инфратузилмага эга Uzum билан рақобатлашаётган эди. Рақобат қўмитаси 2025 йилда Uzum Market’ни маркетплейслар бозорида устун мавқега эга рақамли платформа сифатида эътироф этган. Узум’нинг ўз маълумотига кўра, 2026 йил июлида унинг буюртма топшириш пунктлари ва ҳамкор нуқталари сони 2,1 мингдан, фаол сотувчилари сони эса 18 мингдан ошган.

Yandex маркетплейсдан маҳаллий етказиб беришга ўтмоқда

Market Yandex Go кенг ассортимент, марказий омбор ва бир неча кунлик етказиб беришга таянган. Lavka ва “Дўконлар” эса харидорга яқин даркстор ёки ҳамкор савдо нуқтасидаги маҳсулотни тез етказиш моделида ишлайди.

Шу тариқа Yandex Ўзбекистонда электрон савдодан бутунлай чиқиб кетаётгани йўқ. Компания кенг каталогли маркетплейс қуриш ўрнига, ўзининг мавжуд устунликлари бўлган логистика, курьерлар тармоғи ва Yandex Go аудиториясидан фойдаланишга уринмоқда.

В Ташкенте до конца года заработает доставка из Yandex Lavka роботами – Spot

Бу йўналишдаги кейинги қадам ҳам маълум. Yandex 2026 йил охиригача Тошкентда Lavka буюртмаларини автоном роботлар орқали етказиб беришни режалаштирган. Роботлар икки километргача бўлган йўналишларда озиқ-овқат ва кундалик эҳтиёж товарларини ташиши кўзда тутилмоқда.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+