12 998.910 so‘m

increase

13.900

13 439.570 so‘m

increase

154.610

131.290 so‘m

increase

1.450

12 998.910 so‘m

increase

13.900

24 январь, 11:36
Work&life

Билл Гейтсдан сунъий интеллект ҳақида барча ўқиши зарур бўлган китоб тавсияси

Китобда сунъий интеллект ортидан келадиган ўзгаришлар ва унинг иш кучига қандай таъсир қилиши ҳақида сўз юритилади. Билл Гейтс яқинда ўзининг сунъий интеллект (AI) ҳақидаги энг севимли китоби ҳақида фикр билдирди.

Билл Гейтсдан сунъий интеллект ҳақида барча ўқиши зарур бўлган китоб тавсияси
Фото: AI / Pinkod.uz

Китоб “Келажак тўлқини: технология, куч ва XXI асрнинг энг катта дилеммаси”(The Coming Wave: Technology, Power, and the Twenty-first Century’s Greatest Dilemma) деб номланади. У 2023 йилда чоп этилган бўлиб, DeepMind тадқиқот лабораторияси асосчиси, сунъий интеллект кашфиётчиси Мустафо Сулаймон томонидан ёзилган. Муаллиф 2014 йилда лабораторияни Google’га сотган ва ҳозирда Microsoft AI’да бош директор бўлиб ишлайди. Китоб The Economist, Bloomberg ва Financial Times каби нашрлар томонидан 2023 йилнинг энг яхши китоблари қаторида эътироф этилган.

“Мен бу китобни давлат раҳбарлари, бизнес раҳбарлари ва бошқа исталган кишига сунъий интеллект бўйича ҳар қандай китобдан кўпроқ тавсия қиламан. Чунки у ноёб нарса, олдиндаги фавқулодда имкониятлар ва ҳақиқий хавф-хатарлар ҳақида аниқ тасаввур қилиш имкониятини таклиф қилади” деб ёзган Гейтс ўтган ой ўз блог постида.

Китобда Сулаймон сунъий интеллект ривожланишидаги жадал ютуқлар деярли ҳар бир соҳанинг фаолият юритиш усулини бутунлай ўзгартириб юборишини тахмин қилган. У McKinsey консалтинг гуруҳи томонидан 2023 йилда ўтказилган тадқиқотга ҳавола қилиб, 2030 йилдан бошлаб барча иш фаолиятининг тахминан ярми автоматлаштирилишини таъкидлаган.

Муаллифнинг ёзишича, сунъий интеллект олиб келадиган оқибатлари энг камида янги кўникмаларни эгаллаш ва бошқа турдаги ишларга ўтишга мажбур бўладиган юз миллионлаб одамлар учун жуда катта қийинчиликларни келтириб чиқаради. McKinsey маълумотларига кўра, дунё бўйлаб 400 миллиондан ортиқ ишчи янги иш ёки лавозимларга ўтишига тўғри келиши мумкин.

Сунъий интеллект аллақачон ходимларга янада самаралироқ ишлашга ёрдам бермоқда. Аммо бу фақат дастлабки босқичда кузатилади. Сулаймоннинг таъкидлашича, бу воситалар инсон ақлий қобилиятини фақат вақтинча кучайтиради.

“Улар бизни маълум вақтга ақллироқ ва самаралироқ қилади ҳамда улкан иқтисодий ўсишга олиб келади, лекин улар аслида инсон меҳнати ўрнини босувчи технологиялардир” деган у ўз китобида.

У, шунингдек, сунъий интеллект инқилоби жисмоний ишлаб чиқаришдан тортиб ақлий меҳнатгача деярли барча соҳаларни қамраб олиши ҳақида ёзган. Охир-оқибат, одамлар машиналардан устун келадиган саноқли соҳалар қолади. Унга кўра, сунъий интеллект бошқарув, мижозларга хизмат кўрсатиш ва контент яратиш каби вазифаларда инсонлардан тез орада ўзиб кетади.

Мустафо Сулаймонга кўра, бу жараён икки хил натижага олиб келиши мумкин. Биринчисида, иш берувчилар иқтисодий ўсишга жавобан миллионлаб янги иш ўринларини яратишади. Бироқ, бу ишларнинг барчаси ҳам одамларга насиб этмайди: иш берувчилар имкон қадар арзонроқ бўлган AI хизматларидан фойдаланишни афзал кўришади.

Айрим лавозимларни эгаллаш сунъий интеллектга катта қийинчиликлар олиб келади. Шу сабабли сантехник ва электрик каби малака талаб қилувчи касблар сақланиб қолаверади. Бундан ташқари, сунъий интеллект ривожланиб бораётган даврда юмшоқ кўникмалар (Soft skills), танқидий фикрлаш, креативлик ва ижтимоий қобилиятлар ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ қадрланади.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+