Банкомат пул бермаса, банк “операция муваффақиятли” деган жавоб билан чеклана олмайди — Марказий банк
Марказий банк тижорат банклари ва тўлов ташкилотларига картадан маблағ ечилган, аммо банкомат нақд пул бермаган ҳолатлар бўйича хат юборди.
Регуляторга кўра, операциянинг тизимда “муваффақиятли” деб қайд этилиши мижозга пул берилганини исботлаш учун етарли эмас.
Банк ёки тўлов ташкилоти мурожаатни кўриб чиқишда видеоязувлар, банкоматдаги нақд пул қолдиғи ва бошқа далилларни ҳам текшириши, пул берилмагани тасдиқланса, ҳисобдан ечилган маблағни қайтариши шарт.

Марказий банк 2026 йил 30 октябрда тижорат банклари ва тўлов ташкилотларига картадан маблағ ечилган, аммо банкомат нақд пул бермаган ҳолатлар бўйича хат юборди.
Хатда айтилишича, айрим банклар ва тўлов ташкилотлари бундай мурожаатларни кўриб чиқишда операция “муваффақиятли” якунланганини кўрсатувчи электрон журналларга таянмоқда. Бироқ банкоматдан фойдаланиш талабларига риоя қилинмагани ёки зарур маълумотлар сақланмагани сабабли улар баъзан мижозга пул ҳақиқатан берилганини ишончли тасдиқлай олмаяпти.
Марказий банкка кўра, тизимдаги “муваффақиятли” қайднинг ўзи мижоз нақд пул олганини исботлаш учун етарли эмас. Текширувда электрон журнал ва техник маълумотлар билан бирга видеоязувлар, банкоматдаги нақд пул қолдиғини солиштириш натижалари ҳамда тўлов инфратузилмаси иштирокчиларидан олинган маълумотлар ҳам ҳисобга олиниши керак.
Текширув якунида банк ёки тўлов ташкилоти мижозга нима аниқлангани ва хулоса қайси далилларга таянганини ёзиши шарт. Агар хизмат кўрсатувчининг ўзи мажбурий талабларни бузгани, масалан, зарур маълумотни сақламагани текширувга тўсқинлик қилса, бунинг оқибатини мижоз зиммасига юклаб бўлмайди.
Банкомат нақд пул бермагани тасдиқланса, қоидабузарликка йўл қўйган ташкилот ҳисобдан ечилган маблағни қонунчиликка мувофиқ қайтариши шарт. Марказий банк назорат ва жавобгарлик чораларини қўллашда қоидабузарликнинг хусусияти, оқибатлари ва ташкилот камчиликни бартараф этиш учун кўрган чораларни ҳисобга олади.
Регулятор май ойида ҳам банкомат пул бермаган ёки картани қайтармаган ҳолатлар бўйича мурожаатларни устувор кўриб чиқишга чақирган эди. Ўшанда Марказий банк техник хато тасдиқланса, маблағни имкон қадар мижоз мурожаатини кутмасдан қайтариш, бажарилмаган операция учун ушланган комиссияни эса автоматик қайтариш зарурлигини билдирган.









