11 820.480 so‘m

increase

19.250

13 766.130 so‘m

increase

28.320

137.510 so‘m

increase

0.780

11 820.480 so‘m

increase

19.250

8 соат аввал
Банк
192

Bank of Georgia эгаси Ўзбекистондаги TOP-5 банклардан бирини сотиб олмоқчи

Грузиянинг Bank of Georgia банкига эгалик қилувчи Lion Finance Group Ўзбекистон бозорига йирик банкни сотиб олиш орқали киришни режалаштирмоқда. 

Гуруҳни кичик банклар эмас, маҳаллий бозорда TOP-3 ёки TOP-5 қаторига кирадиган ўйинчилар қизиқтирмоқда. Ҳозирча Ўзбекистондаги аниқ банк номи ёки музокаралар бошланган-бошланмагани маълум эмас.

Bank of Georgia эгаси Ўзбекистондаги TOP-5 банклардан бирини сотиб олмоқчи

Lion Finance Group бош директори Арчил Гачечиладзе Bloomberg’га берган интервьюсида компания фаолиятини Ўзбекистон ва Қозоғистон, шунингдек, Болтиқбўйи ва Болқон мамлакатларига кенгайтириш имкониятларини ўрганаётганини маълум қилди.

Гуруҳ янги бозорларда банкни нолдан ташкил этишдан кўра, аллақачон катта мижозлар базаси ва бозор улушига эга молия ташкилотини сотиб олиб, унга Bank of Georgia’да ишлатилаётган рақамли моделни татбиқ қилишни маъқул кўрмоқда.

“Биз TOP-3 дан TOP-5 гача бўлган ўйинчиларга эътибор қаратамиз”, — деган Гачечиладзе Bloomberg’га.

Бироқ Lion Finance Ўзбекистонда қайси банк билан қизиқayotgani, бирор банк акциядорларига таклиф юборгани ёки музокара олиб бораётгани ҳақида ҳозирча маълумот бермаган.

Ўзбекистонда TOP-5 га қайси банклар киради?

Гачечиладзе “TOP-5” рейтинги қайси кўрсаткич — активлар, кредит портфели, мижозлар сони ёки бошқа мезон асосида шаклланишини аниқлаштирмаган.

Агар активлар ҳажми асос қилиб олинса, Марказий банкнинг 2026 йил 1 июль ҳолатидаги маълумотларига кўра, Ўзбекистондаги бешта энг йирик банк қуйидагилар:

  • Ўзмиллийбанк — 146,5 трлн сўм;
  • Агробанк — 118,4 трлн сўм;
  • Ўзсаноатқурилишбанк (SQB) — 108,5 трлн сўм;
  • Капиталбанк — 62,7 трлн сўм;
  • Асакабанк — 62,5 трлн сўм.

Уларнинг жами активлари 498,7 трлн сўмни ташкил этади. Бу Ўзбекистон банк тизимидаги 1 005,8 трлн сўмлик активларнинг қарийб 49,6 фоизи дегани.

Бешликдаги Капиталбанк хусусий банк, қолган тўрттасида давлат улуши мавжуд. Бироқ ҳукуматнинг амалдаги режаларига кўра, Ўзмиллийбанк ва Агробанкдаги давлат улушини сақлаб қолиш кўзда тутилган.

Айни пайтда SQB’ни хусусийлаштиришнинг якуний босқичи 2025–2026 йилларга, Асакабанкники эса 2026–2027 йилларга белгиланган.

Бундан ташқари, 2025 йил охирида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Асакабанк ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида банкни хусусийлаштириш бўйича “Term Sheet” имзоланган. Унга кўра, ЕТТБ 2026 йилда Асакабанк акцияларининг 15 фоизини сотиб олиши кўзда тутилган.

Шу сабаб, агар Lion Finance айнан активлар бўйича TOP-5 банкларни назарда тутаётган бўлса, очиқ маълумотлар нуқтаи назаридан SQB, Капиталбанк ва Асакабанк потенциал доирада қолади. Бироқ бу банклардан бири билан музокара олиб борилаётганини англатмайди.

Lion Finance аввал ҳам йирик банк сотиб олган

Lion Finance Group 2025 йил февралигача Bank of Georgia Group номи билан фаолият юритган. Компания номининг ўзгартирилиши гуруҳнинг Грузиядан ташқарига кенгайиш стратегияси билан боғланган.

2024 йилда гуруҳ Арманистоннинг етакчи банкларидан бири — Ameriabank’ни тахминан 303,6 млн долларга сотиб олиш бўйича битим тузган. Lion Finance ўша пайтда Ameriabank’да Bank of Georgia’нинг рақамли хизматлар ва тўловлар бўйича тажрибасидан фойдаланишни мақсад қилганини билдирган эди.

2026 йил мартда Lion Finance Group FTSE 100 индексига қўшилди. Ўша вақтда компаниянинг бозор капиталлашуви 4,7 млрд фунтни ташкил қилган.

Bloomberg маълумотига кўра, август охирига келиб гуруҳнинг бозор қиймати қарийб 5,8 млрд фунт ёки 7,9 млрд долларга етган. Сўнгги беш йил ичида унинг акциялари қарийб 740 фоизга қимматлашган. Таққослаш учун, шу даврда Stoxx Europe 600 Banks индекси 210 фоизга ўсган.

Ўзбекистон банк бозорида хорижий инвесторлар кўпаймоқда

Lion Finance Ўзбекистонга кирса, мамлакатда фаолият юритаётган навбатдаги йирик хорижий молиявий гуруҳга айланади.

Грузиянинг бошқа бир молиявий гуруҳи — TBC Bank Group Ўзбекистонда TBC Bank Uzbekistan’ни ривожлантирмоқда. Венгриянинг OTP Group’и эса 2023 йилда Ипотека-банкдаги назорат пакетини сотиб олган.

Яқинда Озарбайжон халқаро банки — ABB ҳам Давр Банкнинг 51 фоизлик назорат пакетини сотиб олиб, Ўзбекистон бозорига киришини маълум қилди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+