Айрим IT-парк резидентлари учун солиқ ва божхона имтиёзлари узайтирилади
“Рақамлаштириш соҳасида экспорт фаолияти билан шуғулланувчи корхоналарни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-157-сон, 14.10.2024 й.) қабул қилинди.
Президент фармонига кўра, IT-парк резидентларига қуйидаги қўшимча фаолият турлари бўйича хизмат кўрсатишга рухсат берилади:
- ахборот технологиялари соҳасида ташкил этиладиган таълим хизмати доирасида, инглиз тили билан бир қаторда бошқа хорижий тилларни ҳам ўқитиш;
- интернет орқали ахборот хизматларини экспорт қилиш фаолияти доирасида, бизнес-жараёнлар аутсорсинги йўналиши бўйича таълим фаолиятини амалга ошириш;
- интернет орқали билим жараёнлари аутсорсинги (Knowledge Process Outsourcing) хизматларини хорижий давлатларга экспорт қилиш.
2025 йил 1 февралдан 2030 йил 1 январгача экспорт хизматлари ҳажми календарь йил давомида 10 миллион АҚШ долларидан ошган IT-парк резидентларига ахборот технологиялари соҳасидаги хизматларини кўрсатган, Ўзбекистон билан иккиёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисида битим тузилмаган давлатларнинг юридик шахслари ушбу календарь йил якунигача фойда солиғидан озод этилади.
2025 йил 1 февралдан 2040 йил 1 январгача жами даромади таркибида экспорти ҳажми 50 фоиздан ортиқ бўлган IT-парк резидентларининг таъсисчилари (иштирокчилари) – Ўзбекистон норезидентлари бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг дивидендлар тарзидаги даромадларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда фойда солиғининг 5 фоиз ставкаси татбиқ этилади.
Шунингдек, фармонга кўра, 2028 йил 1 январдан 2040 йил 1 январгача қуйидаги мезонлардан бирига тўғри келадиган IT-парк резидентлари учун Президент Фармонида белгиланган солиқ ва божхона имтиёзлари узайтирилади (ҚҚС бундан мустасно):
- календарь йил давомида жами даромади таркибида IT-парк резидентлари томонидан амалга оширишга рухсат этилган фаолият турлари бўйича экспорти ҳажми 50 фоиздан ортиқ бўлган юридик шахслар;
- календарь йил давомида 18 ёшдан ошган битирувчиларининг 50 фоиздан ортиқ қисми IT-парк резиденти бўлган экспортчи корхоналарга ишга жойлашган IT-таълим хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар.
2025 йил 1 апрелдан ОТМларнинг ахборот технологиялари соҳасидаги фан номзоди, фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасига эга бўлган хорижлик профессор-ўқитувчиларига ҳам “IT-visa” берилади.
2028 йил 1 январгача Рақамли технологиялар соҳасида ўзини ўзи банд қилган шахсларни қўллаб-қувватлаш дастури амалга оширилади.