11 880.930 so‘m

decrease

-14.640

13 794.950 so‘m

decrease

-31.270

153.280 so‘m

increase

0.300

11 880.930 so‘m

decrease

-14.640

8 соат аввал
Иқтисодиёт
66

“Авваллари бюджет тақчиллиги йўқлигининг сабаби — бизга ҳеч ким кредит бермаган”, — Жамшид Қўчқоров

Жамшид Қўчқоров таъкидлашича, илгари бюджетнинг профицит билан ижро этилгани ҳукумат молиявий интизомининг самараси эмас, балки Ўзбекистонга ташқи кредитлар берилмагани билан боғлиқ бўлган. Унга кўра, ҳозирги макроиқтисодий муҳит шароитида ЯИМга нисбатан 3% атрофидаги тақчиллик оптимал ҳисобланади. 2026 йилда эса бюджет тақчиллиги 59 трлн сўм миқдорида бўлиши кутилмоқда.

“Авваллари бюджет тақчиллиги йўқлигининг сабаби — бизга ҳеч ким кредит бермаган”, — Жамшид Қўчқоров
Фото: Қонунчилик палатаси

3 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 2026 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.

Лойиҳада 2026 йилда Ўзбекистон иқтисодиётида ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиш суръати 6,6% атрофида бўлиши, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ 4686 долларга етиши кутилаётгани қайд этилган. Тармоқлар кесимида эса ўсиш суръатлари саноатда 6,4%, қишлоқ хўжалигида 4,2%, бозор хизматларида 14,5%, қурилиш соҳасида 10,2% миқдорида прогноз қилинган. Шу билан бирга, инфляция кўрсаткичлари пасайиши кутилмоқда.

2026 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 515,4 трлн сўм, харажатлари эса 567 трлн сўм этиб белгиланган. Бюджет тақчиллиги ЯИМга нисбатан 3% даражасида шаклланиши, ташқи қарзнинг белгиланган чегараси эса жорий йилга нисбатан камайиб, 5 млрд доллар миқдорида белгиланиши кўзда тутилган.

Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров бюджет тақчиллиги ҳақидаги фикрларини билдирар экан, унинг номинал ўсиши ҳақиқатда кузатилаётганини, аммо бу реал ҳолатни тўлиқ акс эттирмаслигини таъкидлади.

Масалан, 2023 йилда тақчиллик ЯИМга нисбатан 5%ни ташкил этган бўлса, 2026 йилда 59 трлн сўм миқдордаги тақчиллик 3%га тўғри келмоқда. Яъни тақчиллик улуш жиҳатидан сезиларли камаймоқда.

Вазир тақчиллик доим бўлиши керак ёки йўқлиги ҳақида қуйидагича изоҳ берган: 

"Биз кўп йиллар бюджетни профицит билан бажарганмиз. У зўрмиди? Соҳада узоқ йиллардан бери ишлаб келаётган одам сифатида “йўқ”, деб жавоб беришга мажбурман. Чунки ўша пайтлар бюджет профицит билан бажарилганининг сабаби шуки, ўша бюджет тақчиллигини молиялаштиришга бизга ҳеч ким кредит бермаган. Буни расмий айтишим мумкин. Ҳеч ким қарз бермаган”. 

Қўчқоровнинг айтишича, бунинг асосий сабаби ўша йиллардаги иқтисодий ислоҳотлар йўқлиги, сўмнинг эркин конвертация қилинмаслиги, солиқ сиёсати мураккаблиги ва умумий иқтисодий муҳитнинг ҳозирги даражада очиқ ва ишончли бўлмаганидир. “Умуман, охирги 8 йилда нималар қилинган бўлса, ўша нарсалар йўқ эди”, — деди у.

Вазир катта тақчилликнинг яхши эмаслигини, бу борада Халқаро Валюта Жамғармасининг ҳам бир хил фикрда эканлигини қайд этди. Унинг таъкидига кўра, мамлакатлар амалиётида ҳам, иқтисодий назарияда ҳам ЯИМга нисбатан 3% атрофидаги тақчиллик оптимал ҳисобланади. Бу давлат қарзининг мўътадил ошишини таъминлайди, бюджет барқарорлигини сақлайди ва ҳукуматнинг дефолт ҳолатига тушиб қолишига йўл қўймайди.

Қўчқоров бюджет тақчиллиги ўз вазифасини фақат иқтисодий ўсиш шароитида бажаришини ҳам таъкидлади:

"Тақчиллик қўшимча пул олиб, иқтисодиётни рағбатлантириш дегани. Фискал рағбатлантириш. Агар биз қарз олсак-да, уни иқтисодиётга чиқарсак ва иқтисодиёт ўсмаса — бу нотўғри. 

Худога шукр, биз ҳар йили юқори иқтисодий ўсиш суръатларига эришяпмиз, бу йил 7%дан кам бўлмайди деяпмиз, лекин ХВЖ Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш 7,3% бўлади, деб айтаяпти."

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+