11 806.970 so‘m

decrease

-18.430

13 430.430 so‘m

decrease

-52.890

139.860 so‘m

decrease

-0.480

11 806.970 so‘m

decrease

-18.430

7 соат аввал
Иқтисодиёт
83

Аризасиз пенсия, оила аъзоси учун иш стажи ва электрон ҳамён: Ўзбекистонда пенсия тизимида ўзгаришлар бўлади

2027 йилдан боқувчисини йўқотганлик пенсияси алоҳида мурожаатсиз тайинланади, Пенсия жамғармаси эса қоғоз ҳужжатларни қабул қилишни тўхтатади. Расмий даромадга эга фуқаролар ишламайдиган оила аъзолари учун энг кам иш ҳақининг 12 фоизи миқдорида ижтимоий солиқ тўлаб, уларга иш стажи шакллантириши мумкин бўлади. Пенсия тўловларини банк карталари ва мобил иловалардаги электрон ҳамёнларга ўтказиш тизими ҳам жорий этилади.

Аризасиз пенсия, оила аъзоси учун иш стажи ва электрон ҳамён: Ўзбекистонда пенсия тизимида ўзгаришлар бўлади

Президент Шавкат Мирзиёев 28 сентябрь куни давлат пенсия таъминотига замонавий хизматларни жорий этишга оид ПҚ–355-сон қарорни имзолади.

Қарорга кўра, 2027 йил 1 январдан расмий даромадга эга шахслар ишламайдиган оила аъзолари номидан ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаши мумкин. Тўлов миқдори ҳар бир оила аъзоси учун ойига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 12 фоизини ташкил этади.

Натижада ишламайдиган оила аъзоси пенсия олиш учун зарур иш стажини шакллантириб бориш имконига эга бўлади.

Шунингдек, 2026 йил 1 октябрдан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида ишловчи шахс ўзини ўзи банд қилганлар учун белгиланган миқдорда ижтимоий солиқ тўласа, унга бир йиллик иш стажи автоматик ҳисобланади.

2026 йил 1 ноябрдан корхона тугатилиши ёки иш ҳажми қисқариши сабабли ишсиз деб эътироф этилган фуқароларга умумий пенсия ёшидан икки йил олдин ёшга доир пенсия алоҳида мурожаатсиз тайинланади. Фуқаро проактив шаклда тайинланган пенсияни рад этиш ҳуқуқига эга бўлади.

2027 йил 1 январдан боқувчисини йўқотганлик пенсияси ҳам аризасиз тайинланади. Ўлим ҳақидаги маълумот қайд этилиши билан тегишли ахборот Пенсия жамғармасига автоматик юборилади.

Бунда пенсия марҳумнинг турмуш ўртоғи тирик бўлса, унинг номига расмийлаштирилади. Турмуш ўртоғи ҳам вафот этган бўлса, пенсия 18 ёшга тўлган фарзанд номига тайинланади.

Шу санадан Пенсия жамғармаси фуқаролардан қоғоз шаклидаги ҳужжатлар ва маълумотларни қабул қилишни тўхтатади. Керакли маълумотлар давлат органларининг ахборот тизимларидан электрон шаклда олинади.

2027 йилдан “Менинг пенсиям” онлайн хизмати ҳам кенгайтирилади. Унда фуқаролар:

  • пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган иш стажини;
  • кундузги олий таълим ва ҳарбий хизмат даврларини;
  • тайинланиши мумкин бўлган пенсиянинг тахминий миқдорини кўриши;
  • иш ҳақи ва стаж маълумотларини олиш учун давлат архивларига электрон сўров юбориши мумкин бўлади.

Пенсия ёшига бир йил қолган фуқаролар ҳам тизим орқали олдиндан хабардор қилинади.

Бундан ташқари, 2027 йил 1 январдан пенсия тўловини нақд пул шаклига ўтказиш, тўхтатилган тўловларни тиклаш, пенсиядан ушлаб қолинаётган маблағлар ҳақида маълумот олиш ва яшаш манзили ўзгарганда пенсия йиғмажилдини янги манзил бўйича ҳисобга қўйиш хизматлари онлайн кўрсатилади.

2026 йил 1 ноябрдан пенсионерлар учун банк карталарини Face-ИД орқали очиш тартиби жорий этилади. 2027 йил 1 апрелдан эса пенсия ва бошқа тўловларни банк карталари ёки тижорат банкларининг мобил иловаларида очилган пенсия электрон ҳамёнларига ўтказиш тизими ишга туширилади.

Қарор билан пенсия хизматларини 2027 йил 1 январгача тўлиқ интерактив ва проактив шаклга ўтказиш белгиланган. 2027 йил охиригача “Пенсия-2” ахборот тизимига сунъий интеллект жорий этилиб, у фуқароларнинг стажи ва иш ҳақи маълумотларини таҳлил қилиши, тахминий пенсия миқдорини ҳисоблаб, учта сценарийни таклиф этиши режалаштирилган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+