Apple iPhone учун сўнгги 10 йилдаги энг катта дастурий таъминот янгиланишини тайёрламоқда
Bloomberg берган маълумотга кўра, ушбу янгиланиш Apple тарихидаги энг катта ўзгаришлардан бири бўлиб, фойдаланувчиларнинг янги авлоди учун iPhone, iPad ва Mac интерфейсини тубдан ўзгартиради.
Ундан ташқари, IOS 19 AirPods’ларга жонли таржима функциясини олиб келади.

Apple ўз дастурий таъминотлари учун катта янгиланишни тайёрламоқда.
Bloomberg журналисти Марк Гурманга кўра, бу ўзгариш охирги 12 йилда кузатилган энг катта янгиланишлардан бири бўлади. 2013-йил сентябрь ойида чиқарилган IOS 7 билан iPhone’даги уч ўлчамли (3D) услубдаги илова иконкалари соддалаштирилган ва ясси тасвирлар билан алмаштирилган эди. Бу жуда кескин ўзгариш бўлса-да, омма томонидан тезда қабул қилинди ва бошқа смартфон ишлаб чиқарувчилари ҳам бу дизайнни нусхалади.

Бу сафар ҳам шунга ўхшаш даражада катта янгиланиш кутилмоқда. Гурманнинг сўзларига кўра, “бу иконкаларнинг услубини, менюларни, иловаларни, ойналарни ва тизим тугмаларини янгилашни ўз ичига олади.” Бундан ташқари, фойдаланувчилар учун қурилмаларни бошқариш ва улардан фойдаланиш жараёни ҳам соддалаштирилади.

Янги дизайн асосан Vision Pro операцион тизимига асосланган бўлиши кутилмоқда. Янги дизайнда доира шаклидаги илова иконкалари, шаффоф панеллар ва соя эффектлари асосий роль ўйнайди. Бироқ, ушбу элементлар iPhone, iPad ва Mac қурилмаларида турлича жорий этилади.
Ҳозирда macOS, iOS ва visionOS тизимларининг иловалари, иконкалари ва ойналари дизайн жиҳатдан бир-биридан фарқланади. Янгиланишнинг асосий мақсади эса Apple’нинг турли операцион тизимларини янада уйғунлаштиришдир.
Бундан ташқари, iOS 19 AirPods учун ҳам муҳим янгиликларни олиб келади. Мазкур янгиланиш билан AirPods қулоқчинлари жонли таржима функциясига эга бўлади. Масалан, агар кимдир фойдаланувчига испан тилида гапирса, AirPods уни автоматик тарзда инглиз тилига таржима қилиб етказади.
Apple, шунингдек, янги авлод AirPods қурилмалари, жумладан AirPods Pro 3 устида иш олиб бормоқда. Компания сунъий интеллектдан фойдаланадиган, атроф-муҳитни таҳлил қилиш имкониятига эга ички камералар билан жиҳозланган моделни ҳам ишлаб чиқмоқда.