Apple илк сенсор экранли MacBook’ни тақдим этди
Янги MacBook Pro’ни энди экранга тегиш орқали ҳам бошқариш мумкин. OLED дисплей ва M5 Pro ёки M5 Max чиплари билан жиҳозланган ноутбук 6 ноябрдан сотувга чиқади. АҚШда унинг нархи 2 899 доллардан бошланади.

Apple 28 октябрь куни илк бор сенсорли экран билан жиҳозланган MacBook Pro’ни тақдим этди. Қурилмага олдиндан буюртмалар шу куни 30 мамлакат ва ҳудудда очилди.
Ноутбукдаги PROLED XDR экрани тандем OLED технологияси асосида ишлайди. Унинг ёрқинлиги 2 000 нитгача, тасвир янгиланиш частотаси эса 120 Hz’гача етади.
Сенсорли бошқарув клавиатура ва трекпадга қўшимча сифатида ишлайди. Масалан, фойдаланувчи экранда мусиқа асбобларини чалиши ёки видеомонтажда лавҳаларни керакли жойга бармоғи билан кўчириши мумкин. Экранга босилганда унинг барқарор туриши учун шарнир механизми ҳам янгиланган.
Қурилма M5 Pro ва M5 Max чиплари билан таклиф этилади. Оператив хотира ҳажми 128 GB’гача, маълумот сақлаш хотираси эса 16 TB’гача етади. Apple ҳисоб-китобларига кўра, батарея қуввати 24 соатгача ишлашга етиши мумкин.
Шунингдек, iPhone’даги Dynamic Island MacBook’га ҳам қўшилди. Бу қисм орқали қидирув, мусиқа ва айрим билдиришномаларни бошқариш мумкин.
АҚШда M5 Pro чипли 14 дюймли модель 2 899 доллардан, 16 дюймли версия 3 399 доллардан бошланади. M5 Max чипли моделлар учун бошланғич нархлар тегишлича 4 499 ва 4 799 доллар этиб белгиланган.









