Apple бюджет синфидаги iPhone 16e моделини тақдим қилди
Смартфон ҳозирда Apple сунъий интеллект тизими — Apple Intelligence’ни қўллаб-қувватловчи энг арзон модель бўлиб турибди.

19 февраль куни Apple ўзининг янги iPhone 16e моделини расмий равишда таништирди. Компания бу сафар алоҳида тақдимот ўтказмасдан, смартфонни YouTube каналида оммага эълон қилди. Ушбу модель ҳозирда Apple Intelligence тизимини қўллаб-қувватловчи энг арзон iPhone ҳисобланади. Тим Кукнинг таъкидлашича, iPhone 16e iPhone 16 линиясининг якуний версияси бўлиб, ундан кўпроқ одамлар фойдаланиши учун ишлаб чиқилган.
Смартфон тақдим этилишидан аввал билдирилган тахминларнинг деярли барчаси ўзини оқлади. Фарқ ҳозирча фақат номланиш ва нархда бўлиб турибди.
Ташқи кўриниши жиҳатидан iPhone 16e олд панели билан iPhone 14 моделига жуда ўхшаш, орқа тарафда эса фақат битта камера жойлашган. Apple 16 линиясининг бошқа смартфонларида мавжуд Action Button тугмасини ушбу моделида ҳам ишлатган.
Смартфон Iphone 16 да ишлатилган процессор, Apple томонидан ишлаб чиқилган илк 5G модеми ва яна кўплаб имкониятларга эга:

- 6,1 дюмли дисплей
- Apple томонидан ишлаб чиқилган биринчи C1 5G модеми
- А18 чипи
- USB-C орқали қувватлаш ва маълумот узатиш имконияти
- iOS 18 операцион тизими
- Face ID орқали блокдан чиқариш
- Сув ва чангдан ҳимояланган корпус
Apple’нинг айтишича, смартфоннинг батарея қуввати жуда узоқ вақт ишлайди. Компания 26 соатгача узлуксиз видео кўрсатиш имкониятини ваъда қилмоқда. Таққослаш учун, iPhone 16 22 соатлик видео кўрсатиш имкониятига эга.
Телефон асосий камераси 48 МП бўлиб, 2х оптик zoom имкониятига эга. Олд камера эса 12 МП бўлиб, аниқ ва сифатли селфи ҳамда видео қўнғироқлар учун мўлжалланган.
Модель ҳозирда Apple расмий сайтида 599 доллардан олдиндан буюртма учун мавжуд. Сотувлар 28 февралда бошланиб, смартфонни фақат оқ ёки қора рангларда харид қилиш мумкин.
Мавзуга доир: Apple 2025 йилда нималарни тақдим қилади?