ANORBANK акциядори Қаҳрамонжон Олимов Интерпол қидирувига берилди
ANORBANK кузатув кенгаши аъзоси ва 49,4 фоиз акциясига эгалик қилувчи Қаҳрамонжон Олимовга нисбатан Интерполнинг қизил хабарномаси эълон қилинди. Аввалроқ ОАВ унинг Ўзбекистонда сиртдан ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эди. Интерполнинг очиқ қайдида қидирувга сабаб бўлган айблов кўрсатилмаган.

ANORBANK кузатув кенгаши аъзоси ва акциядори Қаҳрамонжон Олимов Интерполнинг очиқ қидирув рўйхатига киритилди. Унга оид қизил хабарнома 2026-67852 рақами билан эълон қилинган. Қайдда Олимов 1977 йил 7 майда Андижон вилоятида туғилгани кўрсатилган, аммо уни қайси давлат ва қандай айблов асосида қидираётгани очиқланмаган.
18 сентябрь куни The Insider Олимовга яқин манбага таяниб, Ўзбекистон суди уни сиртдан ҳибсга олгани ва халқаро қидирувга бергани ҳақида ёзган эди. Нашрга кўра, у одам ўғирлашни ташкил этишда айбланмоқда. Ўша пайтда иш бўйича суд қарори ёки Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг расмий баёноти очиқланмаган.
Гап Олимовнинг 2025 йил ёзида Францияда ўғирлаб кетилгани ҳақидаги воқеа билан боғлиқ. У Парижда олиб қочилгани, Ницца яқинида ушлаб турилгани ва ундан 10 млн доллар талаб қилинганини билдирган эди. Кейинчалик The Insider ва Франциянинг L’Express нашри суриштирувида ушбу воқеа тафсилотлари орасидаги зиддиятлар келтирилган. Нашр манбаси ўғирлаш саҳналаштирилган бўлиши мумкинлигини даъво қилмоқда. Бу ҳолат судда исботлангани ҳақида маълумот йўқ.
Интерпол хабарномасида ишнинг тафсилотлари берилмагани учун у айнан The Insider ёзган айблов юзасидан чиқарилганини ҳозирча тасдиқлаб бўлмайди.

24 сентябрь ҳолатидаги давлат реестрига кўра, Олимов ANORBANK акцияларининг 49,4 фоизига эгалик қилади. Банкнинг 50 фоиз улуши Нидерландияда рўйхатдан ўтган Bekamin B.V. компаниясига, қолган 0,6 фоизи “Капитал суғурта” АЖга тегишли.
ANORBANK аввалги хабарларга муносабат билдириб, масала акциядорлардан бирининг шахсий ишига оид эканини маълум қилган. Банкка кўра, бу ҳолат унинг капитали, бошқаруви ва операцион фаолиятига таъсир қилмаган, мижозларга хизмат кўрсатиш одатдаги тартибда давом этмоқда.
Интерпол қизил хабарномани шахсни топиш ва экстрадиция масаласи кўрилгунча вақтинча ҳибсга олиш ҳақидаги халқаро сўров сифатида таърифлайди. Хабарноманинг ўзи айблов ҳукми ҳисобланмайди.









