Андижонда Солиқ иловаси орқали 35,1 млрд сўмлик кешбек талон-торож қилингани аниқланди
6 нафар фуқаро ва бошқалар 9 та корхона ташкил қилиб, улар орқали амалда молиявий операциялар бўлмаганига қарамай, 1,1 трлн сўмлик сохта электрон ҳисоб-фактуралар расмийлаштирган. Натижада Солиқ иловаси орқали 100 мингдан ортиқ фуқаро номига кешбек чиқарилиб, 35,1 млрд сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинган.

Андижон вилоятида Солиқ иловасидаги кешбек механизмидан фойдаланган ҳолда 35,1 млрд сўм бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар берди.
Маълум қилинишича, 6 нафар фуқаро ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, Ў.Қ. номига 3 та, Н.Й. номига 5 та ҳамда Р.Х. номига 1 та корхона ташкил қилган.
Улар ушбу корхоналар ўртасида амалда ҳеч қандай молиявий операциялар амалга оширилмаган бўлса-да, март-апрель ойларида жами 1,1 трлн сўмлик маҳсулот етказиб берилгани ҳақида сохта электрон ҳисоб-фактуралар расмийлаштирган.
Шундан сўнг гўёки савдодан тушган маблағлар онлайн назорат-касса машиналари орқали кирим қилинган ва маҳсулотлар фуқароларга сотилгани ҳақида харид чеклари чиқарилган.
Натижада Солиқ иловаси орқали 100 мингдан ортиқ фуқаро номига кешбек тўловлари амалга оширилган ва жами 35,1 млрд сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинган.
Қайд этилишича, вилоят солиқ бошқармасининг масъул шахслари ушбу корхоналар томонидан 1,1 трлн сўмлик ЭҲФлар расмийлаштирилгани бўйича уларнинг ҚҚС гувоҳномаларини бекор қилиш чораларини кўрмаган. Шунингдек, шубҳали операциялар ҳақида Департамент органларига хабар бермаган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси — ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, 205-моддаси — ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳамда 228-моддаси — ҳужжатларни қалбакилаштириш билан жиноят иши қўзғатилган.









