Anadolu Isuzu SamAuto’нинг 75,2% улушини $80 млнга сотиб олди
Туркиянинг Anadolu Group таркибидаги Anadolu Isuzu “Самарқанд автомобиль заводи”даги давлат улушини $80 миллионга харид қилди. Компания лойиҳанинг техник-иқтисодий баҳолашига асосан корхонани кенгайтириш ва электробуслар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун қўшимча $80 миллион инвестиция киритади.

Туркиянинг Anadolu Group таркибига кирувчи Anadolu Isuzu автомобиль гуруҳи “Самарқанд автомобиль заводи” (SamAuto) устав капиталидаги давлат улушини $80 миллион долларга сотиб олди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар берди.
Агентликка кўра, инвестор SamAuto’ни ривожлантириш учун лойиҳанинг техник-иқтисодий баҳолаш натижалари асосида яна $80 миллион қўшимча инвестиция киритади.
Битимни якунлаш учун Anadolu Isuzu Туркиянинг тегишли назорат органларидан барча зарур рухсатномаларни олган. 19 ноябрь куни SamAuto устав капиталидаги 75,2 фоиз давлат улушини сотиб олиш бўйича олди-сотди шартномаси имзоланган.
9 декабрда Хусусийлаштиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобига $80 миллион тушган, 10 декабрда эса ушбу жамғармадан республика бюджетига 1 триллион сўм ўтказилган.
Шунингдек, инвестор ўз зиммасидаги инвестицион мажбуриятларни амалга ошириш доирасида алоҳида инвестиция битимини ҳам имзолайди.
Август ойида Anadolu Isuzu SamAuto’нинг 75,2 фоиз улушини $80 миллион эвазига сотиб олиши режалаштирилаётгани маълум қилинганди. Компания таклифида қўшимча $80 миллионлик инвестиция режаси ҳам бўлган.
Инвестиция мажбуриятларига кўра, Ўзбекистонда катта сиғимли (12–18 метрли) автобуслар ва электробуслар ишлаб чиқариш, мамлакат бўйлаб лицензияланган сервис марказлари ташкил этиш ҳамда маҳсулотларни Марказий Осиё, Жанубий Кавказ, Яқин Шарқ ва Африка бозорларига экспорт қилиш кўзда тутилган. Бу ташаббус Ўзбекистоннинг минтақавий транспорт хаби сифатидаги позициясини мустаҳкамлаши кутилмоқда.
Давактив таъкидлашича, инвесторнинг нарх таклифи KPMG молиявий маслаҳатчиси томонидан белгиланган сотув баҳоси диапазонига мос келади ва халқаро баҳоловчи PwC томонидан тасдиқланган қиймат билан мос келади.









