Alibaba’нинг янги Qwen 2.5 сунъий интеллектини ChatGPT’дан кучлими?
Компания янги модел ChatGPT ва DeepSeek’дан кучли эканлигини даъво қилмоқда. Pinkod буни текшириш учун кичик тажриба ўтказди.
Alibaba техногиганти ўзининг илғор сунъий интеллект модели — Qwen 2.5’ни тақдим қилди. Компаниянинг таъкидлашича, ушбу модел ChatGPT, Claude Sonnet, DeepSeek ва Meta’нинг Llama каби етакчи AI тизимларидан самарадорлик жиҳатидан устун туради.
Qwen 2.5-Max версияси барча асосий йўналишларда илғор сунъий интеллект моделларидан яхшироқ ишлаши ва кенгайтирилган имкониятларга эга экани айтилмоқда. Ушбу AI тизими Хитойнинг Ой янги йили арафасида тақдим этилди ва қисқа вақт ичида катта эътибор қозонди. Фойдаланувчилар chat.qwenlm.ai орқали рўйхатдан ўтиб, ундан фойдаланиши мумкин.
Qwen 2.5’нинг асосий афзалликлари
1. Янгиланган маълумотлар базаси
Qwen 2.5 модели 2024 йил октабрь ойигача бўлган маълумотларни ўз ичига олади, бу эса уни энг долзарб AI тизимларидан бирига айлантиради.
- DeepSeek фақат 2024 йил июлигача бўлган маълумотларга таянади.
- ChatGPT-4о эса 2023 йил ўрталаридаги маълумотлар билан ишлайди.
Бу фарқ Qwen 2.5’нинг турли соҳалардаги саволларга аниқроқ ва ишончлироқ жавоб беришига имкон яратади.
2. Кенгайтирилган функционаллик
Qwen 2.5 фойдаланувчиларнинг эҳтиёжларига мослашган турли AI моделларини тақдим этади:
Qwen 2.5-Max – энг кучли ва тезкор версия.
QVQ-72B-Preview – мураккаб сўровлар бўйича чуқурроқ таҳлил қилиш қобилиятига эга.
Бошқа моделлар эса турли вазифалар учун махсус оптималлаштирилган.
3. Сунъий интеллект билан мултимедиа яратиш
Qwen 2.5 нафақат матн яратиш, балки расм ва сунъий интеллект ёрдамида видеолар ишлаб чиқиш имкониятини ҳам таклиф этади.
ChatGPT ва Qwen 2.5: қайси бири кучлироқ?
Qwen 2.5’нинг ҳақиқатдан ҳам ChatGPT ва бошқа AI моделларидан устун ёки йўқлигини аниқлаш учун тажриба ўтказилди. Pinkod томонидани иккала сунъий интеллектга ҳам АҚШ ва Хитой ўртасидаги технологик рақобат ҳақида тасвир бериш сўрови берилди.
Натижалар қуйидагича:
- Матн сифатида – Qwen 2.5 аниқ ва пухта баён қилди, бироқ ChatGPT мавзуни янада табиий услубда тушунтирди.
- Расм сифати бўйича – иккала AI ҳам юқори сифатли тасвирлар яратди, бу борада Qwen ва ChatGPT ўртасида катта фарқ сезилмади. Шунга қарамасдан ChatGPT томонидан яратилган расм мавзуни кеннгроқ ёритиб бера олган
- Ҳақиқат ва холислик – ChatGPT муҳокама мавзусига янада нейтрал ёндашган, Qwen эса айрим нуқталарда бироз нохолисроқ бўлиши мумкинлиги кузатилди.
Бундан ташқари, Qwen 2.5 Хитой ҳукуматига оид айрим саволларни сензура қилади. Гарчи бу ҳолат DeepSeek’га нисбатан камроқ бўлса ҳам, ChatGPT билан солиштирганда сезиларли фарқ қилади. ChatGPT’да бундай чекловлар кам учрайди.
Шунингдек, Qwen 2.5 ўзбек тилини тушуниш бўйича рақобатчиларидан анча ортда қолади.
Шу боис Qwen 2.5’ни ҳозирча ChatGPT’ни тўлиқ ортда қолдирди деб айтиш қийин. Бироқ яна бир неча ривожланишлардан сўнг ChatGPTгегемонлиги якунланиши мумкин.