11 830.870 so‘m

increase

16.820

13 450.520 so‘m

decrease

-31.670

139.270 so‘m

decrease

-0.660

11 830.870 so‘m

increase

16.820

4 соат аввал
Банк
64

Аҳоли омонатлари бўйича фоиз ставкаси 18,4%гача тушди — 5,5 йиллик минимум янгиланди

Август ойида жисмоний шахсларнинг сўмдаги муддатли омонатлари бўйича ўртача ставка 18,4%гача пасайди. Кўрсаткич бир ойда 0,5 фоиз пунктга, бир йил давомида эса 3 фоиз пунктга тушди. Бу 2021 йил февралидан бери қайд этилган энг паст даража. 

Аҳоли омонатлари бўйича фоиз ставкаси 18,4%гача тушди — 5,5 йиллик минимум янгиланди

Марказий банк маълумотларига кўра, аҳоли муддатли омонатларининг ўртача тортилган ставкаси июнь ойида 19,2%ни ташкил этган бўлса, июлда 18,9%га, августда эса 18,4%га тушган. Шу тариқа, икки ой ичида ставка яна 0,8 фоиз пунктга пасайди. 

Таққослаш учун, 2025 йил августда жисмоний шахсларнинг муддатли омонатлари бўйича ўртача ставка 21,4% эди. Бир йил ичидаги пасайиш 3 фоиз пунктни ташкил қилди. 

Ҳозирги кўрсаткич 5,5 йилдан ортиқ даврдаги энг паст даража ҳисобланади. 2021 йил февралда ставка 18,3%, март ойида эса 19,1% бўлган. Шундан кейин 2026 йил августигача ставка 18,4%дан пастга тушмаган. 

Pinkod аввалроқ июнь ойида ставка 19,2%гача тушиб, 2021 йил мартдан бери минимумни қайд этгани ҳақида ёзган эди. Янги статистика бу минимум яна икки ой кетма-кет янгиланганини кўрсатмоқда.

Пасайиш 2025 йил баҳоридан бери давом этмоқда. 2024 йил октябрдан 2025 йил мартгача аҳоли омонатлари бўйича ўртача ставка 22,1% атрофида сақланган эди. Августдаги 18,4%лик даража билан солиштирганда, ўртача даромадлилик шу даврдаги юқори нуқтадан 3,7 фоиз пунктга камайган. 

Шу билан бирга, омонатлардаги маблағ ҳажми ўсишда давом этмоқда. 2026 йил 1 август ҳолатига банк тизимидаги жами депозитлар 482,7 трлн сўмга етиб, бир йил ичида қарийб 34%га ошган. Шундан жисмоний шахслар депозитлари 185,2 трлн сўмни ташкил этган. 

Депозит базаси кредитлардан тезроқ ўсмоқда. Жами кредитлар 2025 йил 1 августдаги 576,2 трлн сўмдан 2026 йилнинг шу санасида 644,6 трлн сўмга ёки қарийб 12%га ошган, депозитларда эса ўсиш қарийб 34% бўлган. Бу банкларнинг ички молиялаштириш имкониятларини кенгайтириб, янги маблағ жалб қилиш учун юқори фоиз таклиф қилишга бўлган эҳтиёжни камайтираётган омиллардан бири бўлиши мумкин. Бироқ Марказий банк аҳоли омонатлари ставкасининг пасайишини айнан шу омил билан изоҳлаган эмас. 

Айни пайтда инфляция ҳам секинлашмоқда. Август ойида йиллик инфляция 6,2%ни ташкил этди. Натижада омонатларнинг номинал ўртача ставкаси пасайганига қарамай, 18,4%лик ставка амалдаги йиллик инфляциядан 12,2 фоиз пункт юқори бўлиб қолмоқда. 

Марказий банк 16 сентябрдаги йиғилишида асосий ставкани 14% даражасида ўзгаришсиз қолдирди. Регулятор инфляция пасаяётганига қарамай, айрим инфляцион хатарлар сақланиб қолаётганини қайд этган. 

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+