Agat Credit фаолият шаклини Микромолия банкига ўзгартирмоқда
Бу бўйича жамият акциядорлари 21-октабр куни қарор қабул қилган. Ташкилот ўз фаолиятини Марказий банк томонидан тегишли рухсатнома олингандан сўнг микромолия банки сифатида давом эттиради.

Agat Credit ўз фаолият шаклини микромолия ташкилотидан Микромолия банкига ўзгартирмоқда. Бу ҳақда маълумот Корпоратив маълумотлар ягона порталида эълон қилинди.
Хабарга кўра, 2025 йил 21-октабр куни жамият акциядорларининг навбатдаги умумий йиғилиши бўлиб ўтган. Унда “АГАТ CREDIT” АЖ фаолиятини микромолия ташкилотидан микромолия банки шаклига ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Шунингдек, йиғилиш кун тартибига янги устав ва ташкилий тузилмани тасдиқлаш, уларни Марказий банкда рўйхатдан ўтказиш, янги банкнинг номинацияси ва логотипини тасдиқлаш, шунингдек Бошқарув ва Кузатув кенгаши таркибини шакллантириш масалалари ҳам киритилган.
Жамиятнинг устав капитали 73,7 миллиард сўм миқдорида тасдиқланди. Бу сумма 73 715 688 004 дона оддий номинал акциялар чиқариш орқали шакллантирилади.
Йиғилиш қарорига мувофиқ, банк Бошқаруви раиси лавозимига Антон Дмитриэв, аъзолари сифатида эса Улуғбек Адилов ва Мақсуд Мақсудов тайинланди. Улар ўз ваколатларини Марказий банк банк фаолияти учун лицензия берган кундан эътиборан амалга оширади.
Кузатув кенгашига эса қуйидаги шахслар сайланди: Сергей Лагутин, Олег Попов, Арман Мангитов, Артём Бадйков ва Алишер Мирзаев.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг февраль ойида қабул қилинган қонун билан Микромолия банклари фаолияти ва уларга лицензия бериш тартиби қонунчиликда белгилаб қўйилган эди.









