7 ой ичида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси $44 млрддан ошди
Ушбу даврда экспорт ҳажми олтин ҳисобига сезиларли даражада ўсиб, $20,1 млрдга етди. Импорт ҳажми эса $24,3 млрдга етиб, 2024 йилга нисбатан 9,9 фоизга кўпайди.

2025 йил январь–июль ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 44,4 миллиард АҚШ долларига етди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълумотларида қайд этилган.
Ушбу кўрсаткич 2024 йилнинг айни даврига нисбатан $7,4 млрдга ёки 19,9 фоизга кўпроқ. Шунингдек, ҳисобот даврида Ўзбекистон ташқи савдо балансида $4,1 млрдлик манфий сальдо шаклланди.
Экспорт
Давр мобайнида экспорт ҳажми $20,1 млрдни ташкил қилди ва ўтган йилга нисбатан 34,9 фоизга ошди. Экспорт таркибида асосий улушни номонетар олтин эгаллаб, $7,6 млрд билан умумий экспортнинг қарийб 38 фоизини ташкил этди.
Товарлар экспорти улуши 75,9 фоиз бўлиб, унинг таркибида:
- саноат товарлари — 11,1 %,
- озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар — 7,5 %,
- кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар — 5,8 %,
- минерал ёқилғи, мойлаш материаллари ва шунга ўхшаш маҳсулотлар — 4,4 % ни ташкил этди.
Импорт
2025 йилнинг январь–июль ойларида импорт ҳажми $24,3 млрдга етиб, 2024 йилга нисбатан 9,9 фоизга кўпайди. Импорт таркибида энг катта улушни қуйидаги йўналишлар эгаллади:
- машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари — 33,3 %,
- саноат товарлари — 16,0 %,
- кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар — 12,8 %.

Товарлар импорти ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан $1,6 млрдга ошиб, $21,8 млрдни ташкил қилди. Хизматлар импорти эса $2,5 млрдга етди.
Ҳамкор мамлакатлар
Ташқи савдода Ўзбекистоннинг энг йирик ҳамкори сифатида Хитой етакчилик қилди. 7 ой давомида Хитой билан савдо айланмаси 8,1 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан $1,2 млрдга кўпайди. Кейинги ўринларда эса, Россия $7,2 млрд ва Қозоғистон $2,6 млрд билан қайд этилди.