12 009.270 so‘m

decrease

-51.570

13 688.170 so‘m

decrease

-66.010

153.750 so‘m

decrease

-1.250

12 009.270 so‘m

decrease

-51.570

42 дақиқа аввал
Иқтисодиёт
88

32 ёшга кирган сўм: Ўзбекистон миллий валютасининг тарихи

Бугун, 1 июль куни Ўзбекистон миллий валютаси — сўм муомалага киритилганига 32 йил тўлди. 

1994 йилда 1000 сўм-купон бир сўмга алмаштирилган бўлса, кейинги йилларда банкнотларнинг энг йирик номинали 100 сўмдан 200 минг сўмгача етди. 

Pinkod сўмнинг муомалага киритилиши, банкнот ва тангалар эволюцияси ҳамда миллий валюта тарихидаги муҳим босқичлар ҳақида материал тайёрлади.

32 ёшга кирган сўм: Ўзбекистон миллий валютасининг тарихи

Миллий валюта ҳар бир давлатнинг иқтисодий мустақиллиги ва молиявий суверенитетини ифодалайди. Ўзбекистонда ҳам мустақилликнинг дастлабки йилларида ўз пул тизимини яратиш муҳим вазифалардан бири бўлди. Шу жараён натижасида аввал сўм-купон, кейин эса миллий валюта — сўм муомалага киритилди.

Рублдан сўм-купонга

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин ҳам бир муддат собиқ иттифоқ пул тизимидан фойдаланишда давом этди. 1993 йил 15 ноябргача мамлакат ҳудудида СССР Давлат банкининг 1961–1992 йилларда чиқарилган банкнотлари ҳамда Россия банкининг 1993-йилги пуллари муомалада бўлган.

1993 йил 15 ноябрда Ўзбекистонда вақтинчалик пул бирлиги — сўм-купон жорий этилди. У мустақил миллий валютага ўтиш даврида тўлов воситаси вазифасини бажарди. 1994 йил 1 январдан собиқ иттифоқ банкнотларининг муомаласи тўлиқ тўхтатилиб, сўм-купон мамлакатдаги ягона қонуний тўлов воситасига айланди.

Сўм-купоннинг жорий этилиши янги пул тизимини синовдан ўтказиш, нақд пул муомаласини ташкил қилиш ва аҳолини миллий валютага босқичма-босқич тайёрлаш имконини берди.

Сўм-купонлар 1, 3, 5, 10, 25, 50, 100, 200, 500, 1000, 5000 ва 10 000 номиналларда чиқарилган. Уларнинг олд қисмида Ўзбекистон давлат герби, орқа томонида эса Самарқанддаги Шердор мадрасаси тасвирланган эди.

1994 йил 16 июнда “Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасини муомалага киритиш тўғрисида”ги ПФ–870-сонли президент фармони қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, 1994 йил 1 июлдан Ўзбекистон ҳудудида миллий валюта — сўм қонуний тўлов воситасига айланди.

Алмаштириш нисбати 1000 сўм-купонга бир сўм этиб белгиланди. Корхона ва ташкилотларнинг ҳисобварақларидаги маблағлар, аҳоли омонатлари, иш ҳақи, пенсия, стипендия ва бошқа тўловлар ҳам шу нисбатда қайта ҳисобланган.

Янги валютага ўтиш бир кунда якунланмаган. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида сўм-купонлар 1994 йил 1 августгача янги сўм билан бир вақтда қабул қилинган. Савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари сўм-купонларни қабул қилишдан бош тортиши мумкин эмас эди. 1 августдан бошлаб эса мамлакатдаги барча тўловлар фақат сўмда амалга оширила бошланган.

1994 йил июнь ойининг иккинчи ярми учун иш ҳақи ҳамда июль ойи учун пенсия, нафақа ва стипендияларни янги сўмда бериш белгиланган эди.

Биринчи сўмлар қандай бўлган?

Сўм муомалага киритилганида энг йирик банкнот 100 сўм эди. Дастлаб қуйидаги пул белгилари чиқарилган:

1, 3, 5, 10, 25, 50 ва 100 сўмлик банкнотлар ҳамда 1, 3, 5, 10, 20 ва 50 тийинлик тангалар.

Фармонда сўм ва тийинлар мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча жисмоний ва юридик шахслар томонидан тўловлар, омонатлар ва банк ҳисобварақларига киритиш учун чекловсиз қабул қилиниши шартлиги белгиланган.

Биринчи банкнотларда давлат рамзлари, миллий нақшлар ва тарихий-меъморий объектлардан фойдаланилган. Масалан, 1994 йил намунасидаги 1 сўмлик банкнотнинг орқа томонида Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри биноси ва унинг олдидаги фаввора тасвирланган.

Ўша давр банкнотларида ҳам сув белгиси, ҳимоя ипи, микроматн ва ультрабинафша нур остида кўринадиган элементлар мавжуд бўлган. Масалан, 100 сўмлик банкнотда лупа орқали ўқиладиган “O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI” микроматни қўлланган.

200, 500 ва 1000 сўмлик банкнотлар

Иқтисодиётдаги номинал нархлар ва нақд пулга бўлган талаб ошиши билан йирикроқ банкнотларга эҳтиёж пайдо бўлди.

1997 йилда 200 сўмлик, 1999 йилда 500 сўмлик, 2001 йилда эса 1000 сўмлик банкнот муомалага чиқарилди. Шу тариқа дастлабки етти йил ичида энг йирик банкнот номинали 100 сўмдан 1000 сўмгача ошди.

200 сўмлик банкнотда кузатиш бурчагига қараб яшилдан қизил рангга ўзгарадиган махсус ҳимоя бўёғи ишлатилган. 1000 сўмлик банкнотда эса давлат герби ва «1000» рақами шаклидаги сув белгиси ҳамда металл қўшилган ҳимоя ипи мавжуд эди.

1000 сўмлик банкнот қарийб ўн икки йил давомида Ўзбекистондаги энг йирик номинал бўлиб қолди.

5000 сўмлик банкнот — узоқ танаффусдан кейинги янги номинал

2013 йил 1 июлда 5000 сўмлик банкнот муомалага чиқарилди. Бу 2001 йилдаги 1000 сўмликдан кейин 12 йил ичида чиқарилган биринчи янги йирик номинал эди.

5000 сўмлик банкнот 144×78 миллиметр ўлчамдаги ҳимояланган қоғозда тайёрланган. Унда давлат герби ва “5000” рақами кўринишидаги сув белгиси, шунингдек, голографик эффектли ҳимоя ипи қўлланган.

Ушбу банкнотнинг пайдо бўлиши нақд ҳисоб-китобларда кўп миқдордаги 1000 сўмлик пулларни олиб юриш заруратини камайтирган.

2017 йил: янги банкнотлар ва валюта бозори ислоҳоти

2017 йил сўм тарихида энг муҳим босқичлардан бири бўлди.

10 мартдан 10 000 сўмлик банкнот муомалага чиқарилди. Унинг орқа томонида Олий Мажлис Сенати биноси тасвирланган, банкнотда “дарча” ва 3D эффектли ҳимоя ипи ҳамда рангини ўзгартирувчи элементлар қўлланган.

Шу йилнинг 22 августида 50 000 сўмлик банкнот пайдо бўлди. Унинг олд қисмида Мустақиллик майдонидаги “Эзгулик” аркаси устидаги лайлаклар тасвирланган.

2017 йилдаги ўзгаришлар фақат банкнотлар билан чекланмади. 5 сентябрдан валюта сиёсати либераллаштирилди. Юридик шахсларга импорт, кредитларни қайтариш, хизмат сафари ва бошқа жорий халқаро операциялар учун банклар орқали чет эл валютасини чекловсиз сотиб олиш имконияти берилди.

Айирбошлаш курсини валюта биржасидаги талаб ва таклиф асосида шакллантириш белгиланди. Жисмоний шахслар учун ҳам банклар орқали валюта сотиб олиш ва сотиш тартиби енгиллаштирилди.

Шу маънода 2017 йил сўмнинг ташқи валюталарга нисбатан курсини маъмурий бошқаришдан бозор механизмларига яқинлаштиришда бурилиш нуқтаси бўлди.

100 минг сўмлик банкнот

2019 йил 25 февралда 100 000 сўмлик банкнот муомалага чиқарилди. Банкнот мавзуси Мирзо Улуғбек фаолияти ва унинг астрономия соҳасидаги илмий меросига бағишланган эди.

Унда Мирзо Улуғбек портрети шаклидаги сув белгиси, ҳимоя иплари, ультрабинафша нур остида кўринадиган элементлар ва ферромагнит хусусиятга эга бўёқлар қўлланган.

100 минг сўмлик банкнот муомалага чиқарилган вақтда 2001 йилдаги 1000 сўмлик банкнотдан юз баробар, 1994 йилдаги дастлабки 100 сўмликдан эса минг баробар йирик номинал эди.

Қоғоз пуллар ўрнини тангалар эгаллади

Пул муомаласини оптималлаштириш ва майда қайтим муаммосини камайтириш мақсадида 2018 йил июль ойидан янги намунадаги 50, 100, 200 ва 500 сўмлик тангалар муомалага чиқарилди. Улар аввалги тангаларга нисбатан ихчам ва енгилроқ қилиб ишланган.

Янги тангалар чиқарилиши ортидан айрим эски пуллар босқичма-босқич муомаладан олинди.

2019 йил 1 июлдан 1994 йил намунасидаги 50 ва 100 сўмлик банкнотлар ҳамда эски намунадаги 50 ва 100 сўмлик тангалар қонуний тўлов воситаси мақомини йўқотди.

2020 йил 1 мартдан 1, 3, 5, 10 ва 25 сўмлик банкнотлар, шунингдек, тийин ва айрим кичик номиналдаги тангалар муомаладан чиқарилди. 2020 йил 1 июлдан эса 1997 йил намунасидаги 200 сўмлик ва 1999 йил намунасидаги 500 сўмлик қоғоз пуллар қонуний тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотди. Уларнинг ўрнини 200 ва 500 сўмлик тангалар эгаллади.

“Буюк Ипак йўли”га бағишланган янги банкнотлар

2021 йилдан Ўзбекистон банкнотларининг янги авлоди муомалага чиқарила бошланди. Янги сериянинг умумий мавзуси “Буюк Ипак йўли”, Ўзбекистон ҳудудидаги қадимий шаҳарлар, археологик ёдгорликлар ва маданий мерос объектларига бағишланди.

2021 йил 14 июндан 2000 ва 20 000 сўмлик банкнотлар муомалага киритилди. 2000 сўмлик банкнотнинг олд томонида Бухоро арки, 20 000 сўмлик банкнотда эса Қорақалпоғистон ҳудудидаги Қўйқирилган қалъа ёдгорлиги тасвирланган.

20-000-feys.jpg

26 августдан 5000 ва 10 000 сўмлик банкнотларнинг янги намуналари чиқарилди. Янги 10 000 сўмлик банкнотнинг орқа томонида Тошкент ҳудудидаги энг қадимий ёдгорликлардан бири — Шоштепа археология ёдгорлиги акс эттирилган.

10-000-face-UZ1024_1.jpg

22 декабрдан 50 000 ва 100 000 сўмлик банкнотларнинг янги дизайни муомалага чиқарилди. 50 000 сўмлик банкнот орқа қисмида Сурхондарёдаги Сополлитепа археология ёдгорлигидан топилган қадимий сопол буюмлар тасвирланган. Олд томонида эса Сурхондарё вилоятида жойлашган XI–XII асрларга тегишли “АЛ-ҲАКИМ АТ-ТЕРМИЗИЙ МАҚБАРАСИ” меъморий ёдгорлиги тасвирланган.

50-face-UZ.jpg

Янги банкнотлар чиқарилиши аввалги 5000, 10 000, 50 000 ва 100 000 сўмлик банкнотларни автоматик равишда муомаладан чиқармаган. Эски ва янги намуналар параллел равишда қонуний тўлов воситаси бўлиб қолди.

Энг йирик номинал — 200 минг сўм

2022 йил 15 июлдан 200 000 сўмлик банкнот муомалага чиқарилди. Банкнот мавзуси “Буюк Ипак йўли” ва Фарғона водийсининг қадимий тарихига бағишланган.

200 old.jpg

Унинг олд томонида Қўқон шаҳридаги Худоёрхон ўрдаси тасвирланган. Банкнотда қадимий карвон йўлининг рамзи бўлган туя шаклидаги сув белгиси, “UZB” ёзувли микрооптик ҳимоя ипи, ранг ва ҳаракат эффектларини ҳосил қилувчи махсус элементлар қўлланган.

200 000 orqa.jpg

200 минг сўмлик банкнотнинг ўлчами 152×69 миллиметр бўлиб, олд ва орқа томони махсус лак билан қопланган. Кўриш қобилияти паст инсонлар банкнот номиналини аниқлаши учун бўртма белгилар ҳам жойлаштирилган.

2022 йил 26 декабрдан эса икки хил металлдан тайёрланган 1000 сўмлик тanga муомалага чиқарилди. У 2001 йил намунасидаги 1000 сўмлик банкнот билан параллел равишда ишлатилади.

Бугун қандай сўмлар муомалада?

Марказий банкнинг 2026 йилда янгиланган маълумотларига кўра, айни пайтда қуйидаги банкнотлар муомалада:

1000, 2000, 5000, 10 000, 20 000, 50 000, 100 000 ва 200 000 сўм.

5000, 10 000, 50 000 ва 100 000 сўмлик банкнотларнинг эски ҳамда янги намуналари параллел муомалада қолмоқда. Шунингдек, 50, 100, 200, 500 ва 1000 сўмлик замонавий тангалардан ҳам фойдаланилади.

Сўм — иқтисодий мустақиллик белгиси

Миллий валютанинг жорий этилиши Ўзбекистонга мустақил пул-кредит сиёсатини юритиш, пул массаси ва инфляцияни тартибга солиш, валюта курсини белгилаш ҳамда миллий тўлов тизимини шакллантириш имконини берди.

Марказий банк сўмнинг муомалага киритилишини мустақил банк тизими ва Ўзбекистон иқтисодиёти шаклланишидаги муҳим воқеа сифатида баҳолайди. Айнан миллий валюта пайдо бўлгандан кейин Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати, валюта бозори, банк назорати ва тўлов тизимини мустақил бошқариш имкониятлари кенгайган.

32 йил давомида сўм ташқи кўриниши, номинали ва ҳимоя технологиялари бўйича бир неча бор ўзгарди. Аммо унинг асосий вазифаси ўзгармади. Мамлакат ҳудудида ягона қонуний тўлов воситаси бўлиш ва Ўзбекистоннинг иқтисодий суверенитетини ифодалаш.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+