2026 йил учун асосий солиқ ставкалари қандай бўлади?
2026 йил бюджетномасига мувофиқ, Ўзбекистонда асосий солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолади. Бироқ айрим соҳалар, жумладан электрон савдо ва кичик бизнес учун янги солиқ тартиблари жорий этилиши режалаштирилмоқда.

2026 йилда Ўзбекистонда асосий солиқ ставкаларини ўзгартирмаслик режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тақдим этилган келгуси йил бюджетномасида маълум қилинди.
Хусусан, фойда солиғининг базавий ставкаси 15% миқдорида сақланиб қолади. Қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ЖШДС) — 12% этиб белгиланади. Ижтимоий солиқ бюджет ташкилотлари учун 25%, бошқа иш берувчилар учун эса 12% даражасида қолади. Айланмадан олинадиган солиқ 4%, юридик шахслар мол-мулк солиғи эса 1,5% ни ташкил этади.
Шу билан бирга, 2026 йил 1 январдан бошлаб электрон савдо майдончаларида фаолият юритувчи сотувчилар учун солиқлар умумий ставкаларга мослаштирилади. Хусусан, маркетплейсларда сотувдан олинадиган фойда солиғи 10% дан 15% гача, айланмадан олинадиган солиқ эса 3% дан 4% гача оширилади.
Йиллик айланмаси 1 млрд сўмгача бўлган ўзини ўзи банд қилган ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун айланмадан олинадиган солиқ 1% гача пасайтирилади. Шу билан бирга, ЙТТлар учун қатъий белгиланган ЖШДС ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг 100 млн сўмдан кам даромадлари бўйича мавжуд солиқ имтиёзлари бекор қилинади.
Айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар умумий солиқ режимига (ҚҚС ва фойда солиғи) ўтганда уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида янги имтиёзлар жорий этилади. Бунда компаниялар бир йил давомида фойда солиғидан озод қилинади. Бундан ташқари, бухгалтерлик хизматлари билан боғлиқ харажатлар бўйича 6 ой давомида ҳар ойига МҲЕКМнинг 3,5 бараваригача (4 448 500 сўм) солиқ чегирмаси тақдим этилади.
Фойда солиғи бўйича аванс тўловлари ҳисоблашни бошлаш чегараси икки бараварга оширилмоқда. 2026 йилдан ушбу чегара 10 млрд сўмдан 20 млрд сўмга етказилади.
Шунингдек, президент қарорлари асосида асосий воситаларга жадал амортизация қўллаётган корхоналарга 3 йилгача фойда солиғи бўйича солиқ имтиёзлари берилиши мумкин. Норезидентларга тўланадиган дивидендлар бўйича эса аввал солиққа тортилган даромадлардан тўланган солиқлар келгусида чегириб ташланади.
Ер, мол-мулк, сув ресурсларидан фойдаланганлик ҳамда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари, шунингдек жисмоний ва юридик шахслар мол-мулкини ижарага беришнинг энг кам ставкалари оширилади. Ушбу йўналишларда ўртача индексация 7% ни ташкил этади.
Юридик шахслар ер ва мол-мулк солиғи бўйича имтиёзлардан фойдаланганда уларнинг ишчи ходимлари сони ва товар айланмаси каби мақсадли кўрсаткичлар ҳисобга олиниши режалаштирилмоқда.
Мазкур талаблар қуйидаги субъектларга татбиқ этилмайди:
- тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги юридик шахслар;
- маҳсулот тақсимотига оид битим (МТБ) иштирокчилари;
- ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ташкил этган корхоналар;
- 2026 йил 1 январь ҳолатига махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари;
- нотижорат ва бюджет ташкилотлари.
Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларнинг ўз маҳсулотларини сотишида ҚҚС ставкаси ноль даражага туширилади. Шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш учун гипс хомашёсини қазиб олиш ва қайта ишлашда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ икки бараварга камайтирилади.









