2025 йилнинг энг бахтли мамлакатлари
Финландия кетма-кет саккизинчи йил ҳам жаҳоннинг энг бахтли мамлакати деб топилди.
Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон 43-ўрин билан пешқадам бўлган бўлса, Ўзбекистон 53-ўринни эгаллади.

Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари эълон қилинди ва яна бир бор Шимолий Европа давлатлари энг юқори ўринларни эгаллади. Финландия кетма-кет саккизинчи йил дунёдаги энг бахтли мамлакат деб топилди. Дания ва Исландия мос равишда иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллади, Швеция эса тўртинчи ўринда қайд этилди. Бу йилги ҳисобот 140 дан ортиқ мамлакатнинг бахтлилик даражасини баҳолади.
Бахтлилик даражаси ижтимоий қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш, коррупция даражаси ва иқтисодий барқарорлик асосида баҳоланган.
2025 йил учун дунёдаги энг бахтли мамлакатлар қуйидаги тартибда жойлашди:
- Финляндия
- Дания
- Исландия
- Швеция
- Нидерландия
- Коста-Рика
- Норвегия
- Исроил
- Люксембург
- Мексика
Марказий Осиё мамлакатлари ҳам Жаҳон бахтлилик ҳисоботида ўз ўринларига эга. Қозоғистон 43-ўринни, Ўзбекистон 53-ўринни, Қирғизистон 75-ўринни ва Тожикистон 90-ўринни эгаллади. Рейтингда мавжуд ушбу давлатлар аҳолиси рейтингга кўра Туркия(94-ўрин) аҳолисидан кўра бахтлироқ ҳисобланади.
АҚШ 24-ўринга тушиб, тарихидаги энг паст натижалардан бирини қайд этди. Бу ижтимоий ишончнинг пасайиши ва ёлғизлик даражасининг ортиши билан боғлиқ. Айниқса, ёшлар орасида ёлғизлик ҳисси кучайган.
Рўйхатда энг охирги ўринни Афғонистон(147) эгаллаган.
Финландиянинг бахт сири нимада?
Финландиянинг етакчи ўринда қолишининг бир неча асосий сабаблари бор. Биринчидан, мамлакатда ижтимоий ҳимоя тизими юқори даражада ривожланган бўлиб, фуқаролар соғлиқни сақлаш, таълим ва турмуш шароитлари бўйича мустаҳкам қўллаб-қувватланади. Иккинчидан, табиат билан уйғунлик финлар ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб, тоза ҳаво, кўллар ва ўрмонларга яқин яшаш стресс даражасини пасайтиради.
Бундан ташқари, Финландияда сауна маданияти муҳим ўрин тутади. Аҳолининг 90 фоизи ҳафтасига камида бир марта саунага боради, бу эса дам олиш ва соғлиқни яхшилашга ёрдам беради. Мамлакатда коррупция даражаси жуда паст бўлиб, ҳалоллик ва адолат тамойиллари устувор ҳисобланади. Шунингдек, "сису" фалсафаси – чидамлилик ва қатъиятлилик финлар маданиятининг ажралмас қисми бўлиб, ҳар қандай қийинчиликни енгишда ёрдам беради.
Бахтлиликдаги глобал тенденциялар
Ҳисобот дунё миқёсида бахтлиликка таъсир қилаётган муҳим тенденцияларни ҳам таъкидлаб ўтди. Ижтимоий ишончнинг пасайиши айниқса ёшлар орасида кескин сезилмоқда. Ёлғизлик ва ишончсизлик кўрсаткичи ошиб бораётган бир пайтда, тадқиқотлар яқинлар билан бирга овқатланиш ҳаётдан қониқишни оширишини ва депрессияни камайтиришини кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, хайрия ва ёрдам кўрсатиш ҳам бахтлилик даражасига ижобий таъсир қилади. Тадқиқот натижаларига кўра, кўнгиллилик ва хайрия ишларига жалб қилинган одамлар бошқаларга қараганда бахтлироқ бўлишади.