2025 йилнинг дастлабки уч ойида хизмат кўрсатиш соҳасида энг кўп солиқ тўлаган корхоналар маълум бўлди
Ушбу давр мобайнида мазкур соҳада фаолият юритаётган юридик шахслар сони 160 403 тага етди.
Хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича 2025 йилнинг биринчи чорагида жами 9,15 триллион сўм миқдорида солиқ тўланган бўлиб, унинг 1,72 триллион сўми (яъни 18,8 фоизи) энг йирик 20 та корхона ҳиссасига тўғри келган.

Давлат солиқ қўмитаси 2025 йилнинг январь-март ойларида хизмат кўрсатиш соҳасида энг кўп солиқ тўлаган йирик корхоналар рўйхатини эълон қилди. Ушбу давр мобайнида мазкур соҳада фаолият юритаётган юридик шахслар сони 160 403 тага етди. Уларнинг умумий товар айланмаси 94,99 триллион сўмни (тахминан 7,4 миллиард АҚШ доллари) ташкил этди. Бу кўрсаткичдан 21,56 триллион сўмлик ёки 22,7 фоиз улуш энг кўп солиқ тўлаган кучли 20 корхонага тўғри келди.
Хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича 2025 йилнинг биринчи чорагида жами 9,15 триллион сўм миқдорида солиқ тўланган бўлиб, унинг 1,72 триллион сўми (яъни 18,8 фоизи) энг йирик 20 та корхона ҳиссасига тўғри келган. Ушбу корхоналар имтиёзларидан ҳам фойдаланган 1,22 триллион сўмлик солиқ имтиёзлари ҳам қўлланилган.

Энг кўп солиқ тўлаган корхоналар орасида биринчи ўринни Asia Trans Gas МЧЖ эгаллаб, 355,4 миллиард сўм солиқ тўлаган. Иккинчи ўринда “Ўзбектелеком” АЖ (236,5 млрд сўм), учинчи ўринда эса “Ўзбекистон Темир Йўллари” АЖ (210,5 млрд сўм) жойлашган. Улар ортидан Uzbekistan Airways АЖ (159,8 млрд сўм), UNITEL МЧЖ ХК (125,2 млрд сўм) ва бошқа йирик компаниялар жойлашган.
Солиқ тушумларининг тақсимотига эътибор қаратилса, энг катта улушни фойда солиғи ташкил этиб, у умумий тушумларнинг 33,3 фоизини (573,1 млрд сўм) ташкил этди. Кейинги ўринларда қўшилган қиймат солиғи – 24,7% (425,8 млрд сўм), жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи – 14,6% (251 млрд сўм), ижтимоий солиқ – 13,5% (231,8 млрд сўм) ва акциз солиғи – 5,7% (99 млрд сўм) қайд этилган.
Корхоналар фаолияти йўналишлари бўйича таҳлил қилинадиган бўлса, транспорт ва йўловчи ташиш соҳасида “Ўзбекистон Темир Йўллари”, Uzbekistan Airways, My Freighter, “Тошкент Метрополитени”, “Узбекистан Airports” ва “Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти” етакчилик қилмоқда. Алоқа ва интернет хизматлари бўйича эса “Ўзбектелеком”, UNITEL(Beeline) , COSCOM(Ucell), Universal Mobile Systems (Mobi Uz) ва Yandex GO UB етакчи солиқ тўловчилар қаторида қайд этилган.