12 654.130 so‘m

increase

67.720

14 817.990 so‘m

increase

59.170

161.180 so‘m

increase

0.760

12 654.130 so‘m

increase

67.720

15 соат аввал
Бозор

2025 йилнинг биринчи ярмида $2,1 млрдлик криптовалюта ўғирланди — рекорд кўрсаткич

2025 йилнинг илк олти ойида $2,1 млрдлик криптовалюта ўғирланди. TRM Labs ҳисоботига кўра, бу ҳужумларнинг тахминан 70 фоизи Шимолий Корея билан боғлиқ хакерлар томонидан амалга оширилган.

2025 йилнинг биринчи ярмида $2,1 млрдлик криптовалюта ўғирланди — рекорд кўрсаткич
Фото: AI/Pinkod.uz

Йил бошидан буён хакерлар томонидан криптовалюталардан 2,1 миллиард долларлик маблағ ўғирланди. Бу ҳақда TRM Labs томонидан эълон қилинган ҳисоботда таъкидланган.

Эътиборлиси шундаки, бу йўқотишларнинг 70 фоизидан ортиғи Шимолий Корея билан боғлиқ хакерлик гуруҳлари ҳисобига тўғри келмоқда. Ҳисоботга кўра, улар 1,6 миллиард долларга яқин крипто маблағларини қўлга киритган.

TRM Labs Шимолий Кореяни "криптовалюта соҳасидаги энг фаол давлат даражасидаги таҳдид" деб атаган. Уларнинг фикрича, крипто ўғирликлари мамлакат томонидан стратегик сиёсий восита сифатида қўлланилмоқда.

Бу йилги йўқотишларнинг асосий қисмини — тахминан 1,5 миллиард долларни — февраль ойида рўй берган Bybit биржасидаги Ethereum ва унга алоқадор активлар ўғирлиги ташкил этади. Бу ҳодиса саноат тарихидаги энг йирик хакерлик ҳужуми сифатида қайд этилди.

Ҳужумга олиб келган сабаб сифатида кўп фойдаланувчили ҳамён (multi-signature wallet) провайдери Safe компаниясининг дастурчиларидан бирининг иш компьютери зарарли дастур орқали бузилгани айтилади. Терговларга кўра, бу ҳолат 4 февраль куни содир бўлган.

АҚШ расмийлари ҳам, TRM Labs’нинг ўзи ҳам бу ҳужум ортида Шимолий Корея хакерлари турганини тасдиқламоқда. Ҳисоботда қайд этилишича, ушбу воқеа бутун йил давомида крипто хакерликлар ҳақидаги тасаввурни ўзгартириб юборган.

Маълумотларга кўра, Шимолий Корея ҳукуматининг халқаро санкциялар остида қолаётган молиявий эҳтиёжларини қоплаш учун крипто ўғирликларидан фойдаланяпти. Улар бу йўл билан ядровий дастурларини молиялаштираётгани ҳам кўп бор айтилган.

TRM Labs хулосасига кўра, бугунги кунда бундай жиноятлар молиявий манфаатдан кўра кўпроқ сиёсий ва стратегик мақсадларга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, ҳисоботда айтилишича, 2025 йилда крипто соҳасидаги йўқотишларнинг 80 фоизи инфратузилма устидан назоратни қўлга киритиш — яъни махфий калитлар ва захира сўзлар (seed phrase)ни ўғирлаш орқали амалга оширилган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+