11 968.590 so‘m

increase

16.350

14 020.010 so‘m

increase

56.210

147.740 so‘m

decrease

-0.070

11 968.590 so‘m

increase

16.350

2 кун аввал
Иқтисодиёт
67

2025 йилда йиллик инфляция 7,3 фоизга етди: қайси товар ва хизматлар энг кўп қимматлади?

2025 йилда Ўзбекистонда йиллик инфляция 7,3 фоизни ташкил қилди. Нархлар ўсиши энг аввало хизматлар соҳаси ва асосий истеъмол товарлари ҳисобига тўғри келди. Қайси маҳсулот ва хизматлар энг кўп қимматлагани қуйида:

2025 йилда йиллик инфляция 7,3 фоизга етди: қайси товар ва хизматлар энг кўп қимматлади?
Фото: AI/Pinkod.uz

Ўзбекистонда йиллик инфляция 7,3 фоизни ташкил қилди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар берди.

Декабрь ойининг ўзида истеъмол нархлари ўсиши бироз тезлашиб, 0,9 фоизни ташкил этди. Ойлик инфляция 2024 йил декабрига нисбатан 0,1 фоиз бандга пасайди.

Нархлар ўсиш суръати август ойидан бошлаб мавсумий омиллар таъсирида аста-секин тезлашиб келаётган бўлса-да, у ҳали ҳам ўтган йилнинг мос даврларидаги даражадан пастлигича қолмоқда. 

2025 йилда инфляция таркибий жиҳатдан нотекис шаклланди. Йил давомида озиқ-овқат маҳсулотлари йиллик ҳисобда 5,5 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 5,1 фоизга, хизматлар сектори эса 13,9 фоизга қимматлашди. Айниқса хизматлар соҳасидаги юқори инфляция умумий нархлар динамикасига босимни сақлаб қолди.

Декабрь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 1,5 фоизга ошди, бу март ойидан буён қайд этилган энг юқори ойлик кўрсаткич бўлди. Йиллик ҳисобда озиқ-овқат инфляцияси 5,5 фоизни ташкил этиб, 2024 йил охиридаги даражадан икки баробар юқори бўлди. Асосий озиқ-овқат маҳсулотлари орасида энг катта ўсиш гўшт маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келди. 

Инфографика: Mirkonomika Telegram канали

Хусусан, қўй гўшти 26,9 фоизга, суяксиз мол гўшти 25 фоизга, суякли мол гўшти 23,9 фоизга қимматлашди. Шунингдек, пахта ёғи 17,7 фоизга, тухум 14,5 фоизга, сут 5,7 фоизга, нон эса 1,6 фоизга ошди.

Шу билан бирга, айрим асосий озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича нархлар пасайди. Жумладан, гуруч 16,6 фоизга, кунгабоқар ёғи 12,7 фоизга ва шакар 4,8 фоизга арзонлашди. Бу айрим сегментларда таклифнинг кенгайгани ҳамда ташқи бозорлардаги нархлар динамикаси билан изоҳланади.

Озиқ-овқат маҳсулотларини ҳисобга олмаганда, декабрь ойида ойлик инфляция 0,4 фоизни (аввалги ойда — 0,7 фоиз) ташкил этди. Йиллик кўрсаткич эса 1,5 бараварга қисқариб, 12 фоиздан 7,9 фоизга тушди. Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари йил давомида 5,1 фоизга ошди (2024 йилда — 7,7 фоиз), шундан декабрь ойига 0,3 фоиз тўғри келди.

Хизматлар ва коммунал соҳада нархлар ўсиши нисбатан кескин бўлди. Йил давомида тармоқ газ нархи 39,2 фоизга, совуқ сув таъминоти ва канализация хизматлари 35,1 фоизга, маиший чиқиндиларни олиб кетиш 32,5 фоизга, суюлтирилган газ 25 фоизга, электр энергияси 18,8 фоизга ошди. 

Бундан ташқари, иссиқ сув таъминоти 11,9 фоизга, иситиш хизматлари 11,5 фоизга қимматлашди. Ёқилғи бозорида ҳам ўсиш кузатилиб, бензин нархи 11,9 фоизга, пропан нархи 10,5 фоизга кўтарилди. Декабрь ойининг ўзида хизматлар нархи 0,7 фоизга ошди.

Таълим соҳасида ҳам инфляцион босим сақланиб қолди. Йил давомида репититорлик хизматлари ва чет тилларини ўрганиш курслари 6,6 фоизга, мактабгача таълим хизматлари эса 17 фоизга қимматлашди. Шу билан бирга, олий таълим хизматлари нархлари ўзгаришсиз қолди.

Ҳудудлар кесимида йиллик инфляция энг юқори Фарғона вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида — 7,7 фоиз даражасида қайд этилди. Энг паст кўрсаткич Жиззах вилоятида (6,7 фоиз) кузатилди. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида йиллик инфляция республика бўйича ўртача даражадан бироз паст бўлиб, мос равишда 7,1 ва 7,2 фоизни ташкил этди.

Декабрь ойида ойлик инфляциянинг энг юқори даражаси Хоразм вилоятида (1,1 фоиз) қайд этилди. Кейинги ўринларда Тошкент шаҳри, Андижон ва Наманган вилоятлари (1 фоиз) жой олди. Қорақалпоғистон, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида эса нархлар ўсиши 0,8 фоиз билан чекланган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+