2025 йилда валюта курси барқарорлашуви фонида сўмдаги депозитлар ҳажми 44 фоизга ошди
2025 йилда доллар курси 6,8–6,9 фоизга мустаҳкамланиб, ўртача алмашув курси 12 575 сўмни ташкил этди.
Курс барқарорлашуви фонида миллий валютадаги депозитлар ҳажми 44 фоизга ошиб, 240 триллион сўмга етди, депозитлар бўйича долларлашув эса 26 фоиздан 22 фоизгача камайди.

2025 йил Ўзбекистон миллий валютаси сўм учун ижобий йил сифатида эсда қолди. Йил давомида валюта бозори нисбатан барқарор ишлади, алмашув курси мустаҳкамланди ва бу омил банк тизимидаги кўрсаткичларига ҳам сезиларли таъсир кўрсатди.
2025 йилда доллар курси 6,8–6,9 фоизга мустаҳкамланди. Ўртача йиллик алмашув курси 12 575 сўмни ташкил этди.
Йил давомида доллар курсининг энг юқори кўрсаткичи 13 004 сўмни (ўртача курсдан 5,5 фоиз юқори), энг паст кўрсаткичи эса 11 881 сўм (ўртача курсдан 3,4 фоиз паст) даражасида қайд этилди. Кунлик тебранувчанлик икки баробарга ошганига қарамай, умумий тренд миллий валюта позициясининг кучайганини кўрсатди.
Марказий банк қайд этишича, алмашув курсининг мустаҳкамланиши миллий валютага бўлган ишончни сезиларли даражада оширди.
Бу, аввало, банк тизимидаги депозитлар таркибида намоён бўлди. 2025 йилда миллий валютадаги депозитлар ҳажми 44 фоизга ошиб, 240 триллион сўмга етди.
Инфляцион кутилмалар ҳам пасайиш трендига ўтди. Аҳолининг инфляцион кутилмалари йил бошидаги 14,4 фоиздан 11,5 фоизгача қисқарди. Тадбиркорлар орасида бу кўрсаткич 13,9 фоиздан 11,1 фоизгача тушди. Кутилмалар шаклланишида валюта курси омилининг таъсири икки баробарга камайган.
Банк тизимида долларлашув даражасининг пасайиши ҳам жараённинг мантиқий давоми бўлди. Кредитлар бўйича долларлашув 41 фоиздан 38 фоизгача, депозитлар бўйича эса 26 фоиздан 22 фоизгача камайди.
Валюта барқарорлиги ташқи қарзга хизмат кўрсатиш харажатларига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Йил давомида давлат ва корпоратив ташқи қарз бўйича харажатлар ўртача 6–7 фоизгача қисқарган.
Шунингдек, мижозлар томонидан банкларга сотилган валюта ҳажми 35 фоизга ошиб, 47 миллиард долларга етди.









