2024 йилда YouTube АҚШ ялпи ички маҳсулотига $55 млрд ҳисса қўшган
Шунингдек, платформа 490 мингдан ортиқ тўлиқ иш ўринларини яратган.
Иқтисодий тадқиқотлар Ўзбекистонда YouTube монетизацияси йўлга қўйилса, мамлакатда ЯИМ 0,1 фоизга ўсиши, блогерлар эса йилига $50 млнгача даромад олиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

YouTube ўзининг иқтисодий таъсири бўйича йиллик ҳисоботини эълон қилди.
Oxford Economics томонидан тайёрланган таҳлилга кўра, 2024 йилда YouTube ижодий экотизими АҚШ ялпи ички маҳсулотига 55 миллиард доллар ҳисса қўшган ва 490 мингдан ортиқ тўлиқ иш ўринларини таъминлаган. Бу кўрсаткичлар 2022 йилга нисбатан муҳим даражада ошган бўлиб, икки йил ичида $20 млрдлик иқтисодий ўсиш ва 100 мингга яқин янги иш ўрни яратилганини кўрсатмоқда.
Бу рақамлар YouTube’нинг нафақат контент яратувчилар (блогерлар), балки улар билан ишлайдиган видео таҳрирчилар, менежерлар, дизайнерлар, ҳуқуқшунослар, шунингдек Patreon, Linktree ва Spotter каби хизмат кўрсатувчи компаниялар учун ҳам катта иқтисодий имконият яратишини тасдиқлайди. Айниқса, YouTube’нинг Ҳамкорлик дастури орқали блогерлар реклама даромадининг 55 фоизини олишлари мумкин, бу эса ҳатто ўрта аудиторияга эга контент яратувчилар учун ҳам барқарор даромад манбаига айланган.
YouTube монетизацияси Ўзбекистонда
YouTube монетизациясининг иқтисодий салоҳияти Ўзбекистонда ҳам долзарб мавзуга айланган. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан олиб борилган таҳлилга кўра, YouTube монетизацияси мамлакат иқтисодиёти учун янги имкониятлар эшигини очади.
Ҳозирги кунда YouTube монетизацияси дунёнинг 108 та давлатида мавжуд бўлса, Марказий Осиёда бу имконият фақат Қозоғистонда жорий этилган. Ўзбекистонда эса ҳали бу тизим фаолият кўрсатмаяпти. Бироқ бу йўлга қўйилган тақдирда, мамлакат ЯИМи 0,05–0,1% га ошиши мумкин. Қозоғистонда бу рақам аллақачон 0,1% ни ташкил этмоқда.
Ўзбекистонда 13 миллион фаол YouTube фойдаланувчиси, 26 мингдан ортиқ блогер мавжуд бўлиб, уларнинг 1000 таси йирик (100 мингдан ортиқ обуначига эга), 5000 таси ўрта (10–100 минг), 20 мингга яқини кичик (1–10 минг) аудиторияга эга. Фойдаланувчилар йилига ўртача 36 миллиард марта видео томоша қилади. Бу кўрсаткич орқали Ўзбекистон блогерларининг йиллик даромади 28,8 млн доллардан 50,4 млн долларгача бўлиши мумкин.
Шунингдек, мамлакатда 9600 дан ортиқ креатив саноатга оид компаниялар мавжуд бўлиб, бу соҳада 84 минг нафардан зиёд ишчи фаолият юритмоқда. Режага кўра, 2030 йилга келиб, креатив саноатнинг мамлакат ЯИМдаги улуши 5 фоизга етказилиши мақсад қилинган.