12 931.940 so‘m

decrease

-8.170

14 107.450 so‘m

increase

51.900

150.180 so‘m

increase

4.560

12 931.940 so‘m

decrease

-8.170

19 февраль, 18:27
Иқтисодиёт

2024 йилда микромолия ташкилотлари 1 трлн сўм соф фойда кўрди

Ўтган йилда 16 та янги микромолия ташкилоти ва 8 та ломбард очилиб, жами субъектлар сони 192 тага етди.

 

Ажратилган кредитлар миқдори эса 16 трлн сўмга етиб, ўтган йилга нисбатан 85 фоизга юқорилади.

 

Рухсат берилган илк йилда ислом молияси асосида берилган маблағлар 1,1 млрд сўмни ташкил қилди.

2024 йилда микромолия ташкилотлари 1 трлн сўм соф фойда кўрди
Фото: AI / Pinkod.uz

Марказий банк ҳисоботига кўра, микромолия соҳасидаги ўсиш суръатлари, кредитлаш ҳажми, активлар ва мажбуриятлар динамикаси ҳамда рентабеллик кўрсаткичлари муҳим ўзгаришларни намоён қилмоқда.

Фото: Pinkod.uz / Grok AI

Микромолия бозори 2024 йилда янги иштирокчилар ҳисобига кенгайди. 16 та янги микромолия ташкилоти ва 8 та янги ломбард ташкил этилиб, умумий фаолият юритаётган субъектлар сони 192 тага етди. Ҳозирда 100 та микромолия ташкилоти (236 та филиал) ва 92 та ломбард (71 та филиал) фаолият юритмоқда. Чет эл капитали иштирокида фаолият юритаётган микромолия ташкилотлари сони 5 тага кўпайиб, жами 20 тага етди.

2024 йил ушбу ташкилотлар томонидан ажратилган кредитлар миқдори 85 фоизга ўсиб, жами 16 трлн сўмга етди. Ажратилган кредитларнинг 89% микромолия ташкилотларига, 11% эса ломбардларга тўғри келган. Жисмоний шахслар учун ажратилган кредитлар жами кредит портфелининг 94% ини, юридик шахслар учун эса 6% ини ташкил этди.

Онлайн кредитлар улуши 25% бандга ошиб, жами кредитларнинг 54% ини ташкил этди. Онлайн кредитлаш ҳажмининг кескин ошиши жисмоний шахслар томонидан Uzum Market электрон платформаси, Uzum Tezkor етказиб бериш хизмати ва Uzum Nasiya’га уланган бошқа савдо шаҳобчалардан товар хомашё сотиб олишда, “Шаффоф-Молия” (5 трлн сўм) ва “Тезкоин” (2 трлн сўм) микромолия ташкилотлари томонидан онлайн кредитлар ажратилиши билан изоҳланади.

Кредит сегментацияси:

  • 10 млн сўмгача бўлган кредитлар – 46%
  • 10-20 млн сўм оралиғидаги кредитлар – 14%
  • 20-50 млн сўмгача бўлган кредитлар – 25%
  • 50-100 млн сўмгача бўлган кредитлар – 15%
  • 100 млн сўмдан юқори кредитлар – 2%

2024 йилдан бошлаб микромолия ташкилотларига исломий молиялаштириш хизматларини тақдим этиш имконияти яратилиб, жами 1,1 миллиард сўмлик хизматлар амалга оширилди. Шундан 1,1 миллиард сўм мурабаҳа, 7,4 миллион сўм эса исломий ижара асосида ажратилди. Шундай бўлса-да, бундай турдаги маҳсулотлар жами бозорнинг атиги 0,008 фоизини ташкил қилган.

Микромолия ташкилотлари ва ломбардларнинг жами активлари 1,7 баробарга ошиб, 8,4 триллион сўмга етди. Микромолия ташкилотларининг активлари 7,9 триллион сўмни, ломбардлар активлари эса 498 миллиард сўмни ташкил этди. Активларнинг 99% кредит қўйилмаларидан иборат бўлиб, бу миқдор 1,8 баробарга ошган.

Ташкилотлардаги мажбуриятлар эса 2 баробар ўсиб, жами 5,5 триллион сўмни ташкил этди. Микромолия ташкилотларининг мажбуриятлари 5,4 триллион сўмга, ломбардларнинг мажбуриятлари эса 121 миллиард сўмга етди. Мажбуриятлар таркибида тижорат банклари ресурслари 47%, таъсисчилар маблағлари 16%, халқаро молия институтлари маблағлари 7%, маҳаллий компаниялар маблағлари 14%, облигациялар ва бошқа мажбуриятлар эса 16% ни ташкил этди.

Жами капитал эса 1,4 баробар ошиб, 2,9 триллион сўмга етди. Капитал ўсишининг асосий омиллари устав капиталининг ошиши (54%), жорий йил фойдаси (23%) ва тақсимланмаган фойда (72%) бўлди.

Жами даромад 3,4 триллион сўмни, жами харажатлар эса 1,5 триллион сўмни ташкил этиб, соф фойда 1 триллион сўмга етди. Микромолия ташкилотлари даромади 3 триллион сўм, ломбардлар даромади эса 354 миллиард сўм бўлди. Активлар рентабеллиги (РОА) 19,4%, капитал рентабеллиги (РОЭ) эса 40,5% ни ташкил этди. Муаммоли кредитлар эса (НПЛ) 0,3% ошиб, 2,4% га етди. Бунда, шубҳали кредитлар улуши 2,1%, умидсиз кредитлар улуши эса 0,3% ни ташкил этди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+