2024 йилда банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 1 квадриллион сўмдан ошди
2025 йил 1 январь ҳолатига кўра, умумий пул массасидаги нақд пул улуши 2,3 фоизга пасайиб, 19,2 фоизни ташкил этди.
Ўтган йил давомида Марказий банк 10,3 трлн сўм қўшимча пул чиқарди.
Нақдлаштирилган маблағлар ҳажми ҳам 2023 йилга нисбатан деярли 20 фоизга ўсди.
Марказий банк нақд пул муомаласи юзасидан қисқача шарҳни эълон қилди.
Нақд пул муомаласи ҳажми ва динамикаси
2024 йилда банклар орқали нақд пул айланиши ҳажми сезиларли даражада ошди.
- Умумий нақд пул муомаласи ҳажми 1 011 трлн ёки 1 квадриллион сўмни ташкил этди.
- Нақд тушумлар – 501 трлн сўм;
- Берилган нақд маблағлар – 510 трлн сўм.
Бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 22% га ўсди. Бу эса иқтисодиётнинг ўсаётгани ва аҳолининг харид қобилияти ошганини кўрсатади.
Тушумларнинг ўсишида қуйидаги соҳаларнинг ҳиссаси сезиларли бўлди:
- Банк хизматлари тушумлари – 33 трлн сўмга ўсди.
- Савдо тушумлари – 22 трлн сўмга ошди.
- Пуллик хизматлар тушумлари – 16 трлн сўмга кўпайди.
Марказий банк нақд пул муомаласини бошқаришда қатор инновацион чораларни кўрди.
Қўшимча нақд маблағ чиқарилиши.
2024 йил давомида муомалага 10,3 трлн сўм қўшимча нақд маблағ чиқарилди.
2025 йил 1 январь ҳолатига нақд пулларнинг умумий пул массасидаги улуши 19,2%ни ташкил этди. Бу 2023 йилга нисбатан 2,3 фоизга пасайиш кузатилиб, аҳоли қўлида нақд пул камайганини англатади. Пасайиш электрон тўлов тизимларининг оммалашиб бораётгани ва рақамли иқтисодиётга ўтиш жараёнини ҳам акс эттиради.
Янги намунадаги банкнотлар чиқарилиши.
Йил давомида муомаладаги банкнотлар сони 152 млн донага ошди.
200 000 сўмлик банкнотлар улуши 18,6%дан 23,4%га ошди, у бу борада фақат 100 000 сўмлик банкнотлардан ортда қолмоқда. Мазкур банкнота улуши 42,5%дан 40,9%га камайди. Бу ўзгаришлар аҳоли орасида юқори қийматли банкнотлардан кўпроқ фойдаланиш тенденцияси кузатилаётганини билдиради.
Эски банкнотларни янгилари билан алмаштириш.
Эски намунадаги банкнотларнинг улуши кескин қисқарди: 5 000 сўмлик эски банкнотлар улуши 67%дан 25%га, 10 000 сўмлик эски банкнотлар улуши 64%дан 24%га туширилди.
Банк карталари фаолияти
2024 йил банк карталари орқали амалга оширилган операциялар ҳажми ҳам сезиларли даражада ошди:
- Банк карталарига кирим қилинган маблағлар ўтган йилга нисбатан 1,3 баробарга ошиб, 1 квадриллион сўмдан кўпроқ ёки 1 034 трлн сўмни ташкил этди.
- Нақдлашган маблағлар ҳажми эса 226 трлн сўмни ташкил қилиб, 2023 йилга нисбатан 19,5%га ўсди.
2024 йил давомида Марказий банк томонидан аҳоли ва чакана савдо учун қулайлик яратиш мақсадида 54,5 млрд сўмлик янги тангалар муомалага чиқарилди. Ушбу тангалар, муомаладаги умумий нақд пулларнинг 0,3% қисмини ташкил этди.