12 191.250 so‘m

increase

15.720

14 111.370 so‘m

decrease

-40.250

154.200 so‘m

decrease

-0.880

12 191.250 so‘m

increase

15.720

Якин 1 соат ичида
Иқтисодиёт
31

$131 млнлик иш ҳақи қарзи: ҳукумат Enter Engineering, Eriell ва Saneg активларининг бир қисмини сотади

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 январдаги қарорига кўра, Enter Engineering, Eriell ва Saneg компаниялар гуруҳининг носоҳавий активларини сотиш режалаштирилмоқда. 

Тушган маблағлар, аввало, 38,7 минг ходим олдидаги 131 млн долларлик иш ҳақи қарздорлигини қоплашга йўналтирилиши белгиланган. 

Сотиладиган активлар орасида Самарқанд аэропорти, Silk Road Samarkand меҳмонхоналари ва тиббиёт маркази бор

$131 млнлик иш ҳақи қарзи: ҳукумат Enter Engineering, Eriell ва Saneg активларининг бир қисмини сотади
Фото: AI/Pinkod.uz

Ҳукумат Enter Engineering, Eriell ва Saneg компаниялар гуруҳининг номутахассислик активларини сотишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 январдаги қарорида сўз боради. Ҳужжатнинг маълумотнома нусхаси ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Ҳужжатга кўра, Enter Engineering Pte. Ltd., Eriell Group ва Саноат Энергетика Гуруҳи (Санег) компаниялар гуруҳи 38,7 минг нафар ходим олдида 131 млн доллар миқдорида иш ҳақи бўйича қарздорликка эга.

Компаниялар гуруҳининг молиявий барқарорлигини тиклаш мақсадида Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ижрочи директори Шуҳрат Вафаев бошчилигида ишчи гуруҳ ташкил этилган. Ишчи гуруҳга номутахассислик активларини сотувга тайёрлаш ва тушган маблағларни қарзларни, аввало иш ҳақи бўйича қарздорликни қоплашга йўналтириш топширилган.

Сотилиши режалаштирилаётган активлар

Қарорга кўра, қуйидаги мулклар сотилиши мумкин:

  • Enter Engineering офиси — Чилонзор тумани, Бунёдкор шоҳкўчаси, 47-уй;
  • Enter Engineering офиси — Сергели тумани, Чоштепа кўчаси, 38/40-уй;
  • Eriell Group офиси — Миробод тумани, Гавҳар кўчаси, 151А-уй;
  • Eriell Group офиси — Чилонзор тумани, Чорбоғ кўчаси, 82А-уй;
  • Tashkent International Medical Center кўп тармоқли тиббиёт мажмуаси биноси (Миробод тумани, Шаҳрисабз кўчаси, 8-уй). Мазкур объект ENERA инвестиция холдинги таркибига киради;
  • Silk Road Samarkand туризм мажмуасидаги барча саккизта меҳмонхона (Самарканд Touristic Center ENERA инвестиция холдинги таркибида);
  • Самарқанд халқаро аэропорти (Air Marakanda ENERA инвестиция холдинги таркибида);
  • Фарғона вилоятидаги Олтиариқ нефтни қайта ишлаш корхонаси;
  • Ангрен сақлаш терминали.

Стратегик лойиҳалар учун инвесторлар изланмоқда

Ишчи гуруҳга бир қатор йирик саноат лойиҳаларини якунлаш учун янги инвесторлар бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳам топширилган. Улар қаторига қуйидагилар киради:

  • Бухоро вилоятида қиймати 5 млрд доллар бўлган МТО (Methanol to Olefin) газ-кимё мажмуаси;
  • Навоий вилоятида қиймати 8 млрд доллар бўлган ёнувчи сланецларни қайта ишлаш саноат мажмуаси;
  • Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш;
  • “Самарқандкимё” негизидаги “Неофос” кимё лойиҳаси;
  • Тебинбулоқ тоғ-металлургия комбинати қурилиши;
  • Бухоро халқаро аэропортини модернизация қилиш.

Солиқ имтиёзлари ва махсус режим

Қарорга мувофиқ, компаниялар гуруҳининг аффилланган шахслари учун солиқлар ва божхона тўловлари бўйича кечиктириш муддати 2027 йил 1 январгача узайтирилади. Бироқ бу имтиёз ходимлар олдидаги қарздорлик тўлиқ қоплангандан кейингина амал қилади.

Шунингдек, компаниялар қарзларини сўндириш мақсадида махсус ҳуқуқий режим жорий этилади. Унинг доирасида компаниялар гуруҳининг кўчар ва кўчмас мулки ҳамда пул маблағларини учинчи шахсларга юклама билан бериш, сотиш ёки ўтказиш чекланади.

Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда Ўзмиллийбанкда махсус ҳисобварақ очилган ҳолда SANEG Актив шўба корхонаси ташкил этилади. Компаниялар гуруҳининг айрим активлари ушбу корхонага бепул ўтказилади, уларни сотишдан тушган маблағлар эса банкдаги махсус ҳисобварақда жамланади.

SANEG Активъга ўтказиладиган мол-мулк солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан озод этилади.

Аукцион орқали сотиш тартиби

Активлар E-аукцион онлайн платформаси орқали сотилади. Агар активларга талаб бўлмаса, бошланғич нарх ҳар ҳафта 5%га пасайтирилади, бироқ умумий пасайиш 20%дан ошмаслиги белгиланган.

Шунингдек, мамлакатдаги энг йирик “Газли” газ омбори оператори — Gazli Gas Storage қўшма корхонасидаги улуш ҳам сотилиши мумкин. Ушбу корхонанинг бенефициари сифатида Бахтиёр Фозилов тилга олинади.

Ходимлар орасида тарқатилган хабарларга кўра, компания раҳбарияти бизнес тугатилмаслиги ва фаолият давом этишини билдирган. Қайд этилишича, “Газли” газ омборини сотишдан тушадиган маблағлар 10 мартгача кутилмоқда, иш ҳақи бўйича қарздорликни эса 15 мартга қадар қоплаш режалаштирилган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+