Binance крипто-биржаси Ўзбекистонда қонуний фаолият бошлайди
Ўзбекистонликлар энди биржадан миллий провайдер орқали фойдаланиши мумкин бўлади. Бунда маҳаллий тўлов тизимларидан фойдаланиш имконияти яратилиши ҳам назарда тутилган.
![Binance крипто-биржаси Ўзбекистонда қонуний фаолият бошлайди](https://cp.pincode.uz/media/CACHE/images/image_2025-01-17_15-04-27.17ef69a9bf76.webp)
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) дунёнинг энг йирик крипто-биржаларидан бири бўлган Binance билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш масаласини ҳал қилди.
Binance ўз хизматларини Ўзбекистонда CoinPay МЧЖ орқали қонунчилик асосида тақдим этади. CoinPay МЧЖ – крипто-активлар айланмаси бўйича расмий хизмат кўрсатувчи провайдер бўлиб, крипто-биржа ва крипто-дўкон фаолиятини амалга ошириш учун зарур лицензияларга эга. Ўзбекистон резидентлари эндиликда Binance платформасига CoinPay’нинг расмий сайти – coinpay.uz орқали кириши мумкин бўлади.
Binance’нинг Ўзбекистондаги фойдаланувчилари қуйидаги қулайликлардан фойдаланишлари мумкин:
- Миллий валютада маблағларни банк карталари ва маҳаллий тўлов тизимлари орқали киритиш ва чиқариш имконияти.
- Маҳаллий тўлов тизимлари билан тўлиқ интеграцияланган платформа.
Тизим ишга туширилгандан сўнг барча янгиликлар CoinPay ва Binance расмий ресурсларида эълон қилинади.
2024 йил январь ойида Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги Binance крипто-биржасига Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини, хусусан, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги талабларни бузганлиги учун жарима қўллади. Жарима миқдори 300 базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)ни ташкил этди. Шундан сўнг, Binance суднинг барча талабларига тўлиқ риоя қилган ва жаримани қонуний тартибда тўлаган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахслари, криптовалюталарни сотиш, сотиб олиш ва айирбошлаш операцияларини фақат миллий провайдерлар орқали амалга ошириши керак. Қонунчиликда мазкур талабларни бузганлик учун жавобгарлик ҳам мавжуд. Қонуний фаолият юритаётган провайдерлар рўйхати билан ИЛМА расмий сайтида танишиб чиқиш мумкин.
Маълумот учун, Binance 2017 йилда ChangpengZhao томонидан асос солинган ва ҳозирда дунёдаги энг йирик крипто-биржалардан биридир. Платформа 500 дан ортиқ криптовалюталар билан савдо қилиш имкониятини тақдим этади. Binance ўзининг BinanceCoin (BNB) токенини яратган бўлиб, бу валюта транзаксия тўловларини камайтириш ва платформанинг бошқа имкониятларидан фойдаланишни таъминлаш учун ишлатилади. Мазкур токеннинг бозор капитали ҳозирда деярли $39 млрд долларни ташкил қилади.