Тенге банк ва Ҳаёт банк’нинг биринчи чоракда кўрган соф фойдаси очиқланди
Жорий йил биринчи чорак якуни бўйича иккала банк фойдасида ҳам сезиларли ўсиш кузатилган.
Тенге банк фойдаси 112,6 фоизга ошган бўлса, Ҳаёт банкда ушбу кўрсаткич 253,7 фоизга кўпайди.

Ўзбекистон банклари 2025 йилнинг биринчи чораги бўйича молиявий ҳисоботларни тақдим этишда давом этмоқда. Тенге банк ва Ҳаёт банк мазкур давр учун ўз ҳисоботларини эълон қилди.
Тенге банк
Тенге банкнинг жами активлари 2025 йилнинг 31 марти ҳолатига кўра 7,3 трлн сўмни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич 2024 йил охирига (31 декабрь) нисбатан 731,7 млрд сўмга камайган. Банкнинг фоизли даромадлари 210,1 млрд сўмни ташкил қилди (соф фоизли даромад — 8,8 млрд сўм). Фоизсиз даромадлар эса 110,2 млрд сўмни ташкил этган.
Банк ушбу чоракни 920,9 миллион сўм соф фойда билан якунлади. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 112,6 фоизга кўпроқдир. Таққослаш учун, Тенге банк 2024 йилнинг биринчи чорагини 7,3 млрд сўм зарар билан якунлаган.
Ҳаёт банк
2025 йил бошидан буён Ҳаёт банкнинг жами активлари деярли 1 триллион сўмга ошиб, чорак якунида 2,6 трлн сўмга етди. Банкнинг фоизли даромадлари 93,8 млрд сўмни ташкил қилмоқда(соф фоизли даромад — 31,3 млрд сўм). Фоизсиз даромадлар эса ўтган йилдаги 2,5 млрддан 43,2 млрд сўмгача етди.
Ҳаёт банк чоракни 17,2 млрд сўмлик соф фойда билан якунлади. Бу натижа ўтган йилнинг шу даврида қайд этилган 11,2 млрд сўмлик зарар билан солиштирганда сезиларли ижобий ўзгаришни англатади. Банкнинг соф фойдаси бир йил ичида 253,7 фоизга ошган.