Олтин нархи тарихда илк бор рекорд даража — $3 350 га етди
Жаҳон бозоридаги ўсиш фонида Ўзбекистонда ҳам олтин нархлари кескин кўтарилди. Хусусан, 5 граммлик олтин қуйма нархи илк маротаба 7,2 млн сўмдан ошди.

16 апрель куни олтин нархи илк бор троя унцияси учун $3 350 дан ошди. Нарх энг юқори даражада $3 357 га етиб, навбатдаги рекордни қайд этди. Хабар эълон қилинаётган пайтда эса нарх бироз пасайиб, $3 336 га тенг бўлиб турибди.

Сўнгги бир ҳафта ичида олтин нархи 8 фоиздан кўпроққа ошди. Бу каби ўсишга бир нечта муҳим омиллар сабаб бўлмоқда.
Жумладан, АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан Хитой маҳсулотларига қўлланилган 145 фоизлик бож ставкалари инвесторлар орасида хавотир уйғотиб, уларни хавфсиз актив сифатида олтинга мурожаат қилишга ундамоқда.
Шунингдек, Марказий банклар томонидан олтинга бўлган талаб сезиларли даражада ортиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида олтин нархининг ошишига туртки бермоқда. АҚШ Федерал захира тизими (ФЕД) томонидан фоиз ставкаларининг пасайтирилиши кутилаётгани эса олтиннинг жозибадорлигини янада кучайтирмоқда.
Ўзбекистонда олтин нархи
Жаҳон бозоридаги ўсиш фонида Ўзбекистонда ҳам олтин нархлари кескин кўтарилди. Хусусан, 5 граммлик олтин қуйма нархи илк маротаба 7,2 млн сўмдан ошди. Бир грамм олтин ҳозирда 1 млн 442 минг 200 сўмга баҳоланмоқда.
Тўлиқ нархлар:
5 грамм — 7 млн 211 минг сўм
10 грамм — 14 млн 423 минг сўм
20 грамм — 28 млн 845 минг сўм
50 грамм — 72 млн 113 минг сўм
100 грамм — 144 млн 227 минг сўм
Ўзбекистонда Марказий банк томонидан 999,9 софликдаги олтиндан 5, 10, 20, 50 ва 100 граммли қуймалар сотувга чиқарилган ва қуймалар нархини регулятор ҳар куни янгилаб боради.
Олтин қуймаларини банклардан сотиб олиш имконияти мавжуд. Банкларнинг манзиллари ва батафсил маълумотларни Марказий банк расмий сайтидан топиш мумкин.
Goldman Sachs’нинг янгиланган прогнозига кўра, олтин нархи 2025 йилда троя унция учун $3 700 га чиқиши мумкин. UBS Group эса жорий йилда нарх $3 500 га чиқишини кутмоқда.
Иккала прогнозга ҳам асосий сабаб сифатида Марказий банклар томонидан кучли талаб, глобал савдо можаролари ва рецессия хавфининг ортиб бораётгани кўрсатилмоқда.