Ўзбекистонда бир ҳафта ичида 4 та олтин конидан фойдаланиш ҳуқуқи сотилди
Ўзбекистонда кетма-кет ўтказилган аукционларда “Акказат”, “Темирчи”, “Терекли” ва “Пирали” олтин участкалари савдога қўйилди.
Бошланғич нархи бир неча миллиард сўм бўлган участкалар ўнлаб баробар юқори баҳога сотилган.
Ушбу ҳудудлардаги олтин захиралари эса 2 тоннадан 6 тоннагача баҳоланган.

Сўнгги кунларда E-auksion платформасида Ўзбекистондаги қатор олтин конлари ва участкаларида геологик разведка ўтказиш ҳуқуқи бўйича савдолар бўлиб ўтди.
15 август — “Акказат” (5 тонна олтин)
Bargi Sabz Import Export компанияси Зарафшон шаҳридан 68,2 км жануби-шарқда жойлашган, майдони 926 гектарлик “Акказат” участкасида геологик разведка ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Компания 24,92 млрд сўм таклиф қилди — бу бошланғич нарх (4,1 млрд сўм)дан 6 баравар кўп. Участканинг тахминий олтин захиралари 5 тонна деб баҳоланмоқда.
Bargi Sabz Import Export 2018 йил 11 апрель куни Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрида рўйхатдан ўтган. Асосий фаолияти — ихтисослаштирилган қурилиш ишлари.
Компаниянинг асосчиси Камгар Камбиз бўлиб, у Kamgar, Kamgar Gold, Bargi Sabz Termiz, Kam Tur Paradise, East-Yard, KF Best, Grand Hygiene Manufacturing, Poytaxt Village, Ur New Capital, Renaissance Stroy Group, Kam Buildings, Kam Construction, Zayed Music Media Production, Volttech Engineering каби 10 дан ортиқ компанияларда улушларга эгалик қилади.
18 август — “Темирчи” (6 тонна олтин)
Навоийнинг Нурота туманидаги “Темирчи” олтин конида ўтказилган аукционда Zauris компанияси ғолиб бўлди. Компания 67,78 млрд сўм ($5,4 млн) таклиф қилди — бу бошланғич нарх (4,12 млрд сўм)дан 16,5 баравар юқори.
“Темирчи” участкаси Зафаробод қишлоғидан 26,7 км шимоли-ғарбда ва Навоий шаҳридан 35 км шимолда жойлашган. Майдони 249 гектар бўлиб, 6 тонна (192,9 минг троя унцияси) олтин захирасига эга деб баҳоланмоқда.
Zauris компанияси 2025 йил июль ойида Тошкентда рўйхатдан ўтган бўлиб, асосчиси ва раҳбари Феруза Файзиева ҳисобланади. У компания устав капиталининг 100 фоизи (10 млн сўм)га эгалик қилади.
Шунингдек, Файзиева 2020 йилда ташкил этилган ва молия бозорларини бошқариш билан шуғулланувчи Marex Financial компаниясида 70% улушга эга.
19 август — “Терекли” (2 тонна олтин)
Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги “Терекли” участкаси учун савдолар 11 соат 50 дақиқа давом этди ва 377 босқичдан сўнг якунланди. Натижада Тойлоқ Тоза Ҳудуд компанияси 81,79 млрд сўм (6,5 млн доллар)лик таклифи билан ғолиб бўлди. Бу сумма бошланғич нархдан (4,12 млрд сўм) 19,8 баравар юқори.
“Терекли” участкаси Шаугаз қишлоғидан 9,6 км жануби-шарқда жойлашган, майдони 65 гектар бўлиб, тахминий олтин захиралари 2 тоннага тенг.
Компания 2021 йил март ойида Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида рўйхатдан ўтган. Расман кўп қаватли уй-жойларни бошқариш билан шуғулланади. Унинг устав фонди 67,88 млрд сўм бўлиб, тўлиқ Бахтиёр Маруповга тегишли.
У, шунингдек, Afrasiab Jeans Textile, Puremilky Products, Pet Agro Oil (77,1%) ва Sam Plast Works каби бир қатор компанияларнинг ҳам асосчиси сифатида қайд этилган.
21 август — “Пирали” (2,4 тонна олтин)
Навоийнинг “Пирали” олтин кони майдони 99,09 млрд сўмга сотилди. Савдолар 23 соат 29 дақиқа давом этиб, 461 та таклифдан сўнг якунланди. NBK 111 компанияси ғолиб деб топилди. Бу миқдор бошланғич нархдан 24 баравар юқори.
“NBK 111” 2024 йил май ойида Тошкентда рўйхатдан ўтган бўлиб, рангли металл рудаларини қазиб олишга ихтисослашган. Устав капитали 1,005 млрд сўмни ташкил этади. Компаниянинг 40 фоизи хитойлик инвестор Чжан Тсзанга, қолган 60 фоизи эса Нурмуҳаммад Пўлатовга тегишли.
Пўлатов шунингдек, Жиззахдаги Quwwatt Group шиша ишлаб чиқариш компаниясининг асосий актсионери (90,7%) ва BEEK Electro электр жиҳозлари ишлаб чиқарувчисига тўлиқ эгалик қилади.
“Пирали” кони 484 гектар майдонда жойлашган. У Зафаробод қишлоғидан 20,5 км шимоли-шарқда ва Навоий шаҳридан 38,5 км узоқликда жойлашган бўлиб, 2,4 тонна олтин захираларига эга деб баҳоланади.